Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон: мева-сабзавот ва картошка қаерда қимматроқ – бозордами ёки супермаркетда? Саволнинг жавоби ҳайрон қолдиради!
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон: мева-сабзавот ва картошка қаерда қимматроқ – бозордами ёки супермаркетда? Саволнинг жавоби ҳайрон қолдиради!

Ўзбекистон: мева-сабзавот ва картошка қаерда қимматроқ – бозордами ёки супермаркетда? Саволнинг жавоби ҳайрон қолдиради!

Супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлимларини кузатишар экан, EastFruit вакиллари Ўзбекистондаги кўплаб харидорларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини супермаркетга қараганда бозор ёки дўкондан анча арзон сотиб олиш мумкин, деган фикрларини эшитишди. Биз ушбу гипотезани синаб кўришга қарор қилдик ва нарх шаклланишининг кутилмаган ўзига хосликларига дуч келдик, уларни сиз билан баҳам кўрмоқчимиз.

Аввало, сиз Ўзбекистондаги савдо расталари ва бозорда сабзавот ва мевалар нархлари устига ёрлиқлар ёпиштирилганини учратмайсиз. Яъни, нархни фақат сотувчидан сўраб билиш мумкин. Шу боис, супермаркет билан таққослаганда бу ерда маҳсулотлар савдоси суст боради ва натижада сотув жуда яхши кетаётганга ўхшайди – ахир, деярли ҳамма вақт кимдир нархни билиш учун ўз навбатини кутаётган бўлади-да. Айнан шу биринчи хусусият – юқори талаб тўғрисидаги алдамчи туйғу. Супермаркетда эса харидор шунчаки маҳсулотни олади-да, нархини билган ҳолда йўлида давом этади.

Роман Сайфулиннинг EastFruit учун берган интервьюсида Ўзбекистондаги супермаркетларда мева-сабзавот савдосининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ўқинг.

Ва бунинг ортида дарҳол энг қизиқарли, иккинчи хусусият юзага чиқади – сотувчиларни кузатиб, шунга амин бўлдикки, ким нархни сўрашига қараб, сотувчи, кўпинча, ҳар хил суммаларни айтар экан. Шунинг учун биринчи ажабланарли ҳолат бозор ёки дўконда сабзавот ва мевалар нархи йўқлигидир – у харидорнинг шахсидан келиб чиқиб белгиланади. Эслатиб ўтамиз, супермаркетда маҳсулотлар нархи қатъий белгиланган ва барчаси аниқ-равшан.

Учинчи хусусият шундаки, дўконлар ва бозорда ҳар бир сотувчи ўз нарх стратегиясига эга. Шу боис, нархлар ўртасидаги тафовут 10 фоиздан 20 фоизгача, ҳатто ундан ҳам кўп бўлиши мумкин! Яъни бир жойда айнан бир хил маҳсулотни нисбатан арзон ёки жуда қиммат сотиб олиш ҳам мумкин. Шундай таассурот уйғонадики, сотувчи ҳар бир харидорни ўзича баҳолайди ва унинг ташқи кўриниши, ўзини тутишига қараб қанча пул бера олишини «тахмин” қилади. Аммо, супермаркетда бундай ҳолат йўқ – нарх ҳамма учун бир хил.

Сиз учун қизиқ бўлиши мумкин: Carrefour Ўзбекистондаги сабзавот ва меваларнинг чакана нархларини қулатди.

Тўртинчи хусусият жуда яхши маълум ва у баъзиларни ўзига жалб қилса,  бошқаларни қочиради. Бу бозорда савдолашиш имкониятидир. Айримлар савдолашишни қанчалик яхши кўрса, бошқалар буни умуман ёқтирмайди.

Бешинчи хусусият шундаки, баъзида маҳсулотлар савдо расталари ва бозорда насияга берилади, бу эса аҳолининг камбағал қатламлари нуқтаи назаридан супермаркетларга нисбатан устунлик беради.

Олтинчи хусусият шундаки, агар сиз сотувчига даромади пастроқ киши бўлиб кўринсангиз ҳам, эринмай савдолашсангиз ҳам, катта эҳтимол билан маҳаллий маҳсулотларни супермаркетга қараганда арзонроқ сотиб олишингиз мумкиндир, аммо сифати билан ажралиб турувчи импорт маҳсулотлар барибир қимматроқ. Бунинг сабаби, бозор ва савдо расталаридаги сотувчилар ҚҚС тўламайди, бу эса уларга маҳаллий товарлар савдосида сезиларли устунлик беради. Аммо импорт маҳсулотлар бўйича ҚҚС бирданига олинади ва бозордаги савдогарлардан фарқли ўлароқ, ҚҚС тўлайдиган супермаркетлар «киритилган ҚҚС»ни қайтариб олиши мумкин, шунинг учун бу ерда энди улар устунликка эга.

Супермаркетларда нега импорт қилинадиган сабзавот ва мевалар арзонроқ –Makro директори билан суҳбатни томоша қилинг.

Eттинчи хусусият – бозорда маҳаллий маҳсулотларнинг кенг ассортименти борлиги. Дўконларда ҳар қандай истак ва ҳар қандай чўнтакка мос келувчи маҳаллий маҳсулотларнинг бундай кенг ассортиментини топиш қийин. Аммо импорт қилинган ассортиментни таққосласа бўлади.

Саккизинчи хусусият – ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг фикрига кўра, энг ёқимсиз ҳолат бозорда тез-тез учрайдиган тарозидан уриб қолишлар ҳамда сотувчининг  сифатсиз мева-сабзавотларни халтангизга тиқиб юборишида намоён бўлади. Дўконда тарозидан уриб қолиш деярли учрамайди, сабзавот ва мевалар сифати истеъмолчининг ўзига боғлиқ, чунки, одатда, уларни харидор ўзи танлайди.

Юқоридаги хусусиятлар нега энди анъанавий ўзбек бозорлари Ўзбекистондаги супермаркетларга рақобатни бой бераётганини жуда яхши изоҳлаб беради. Бозорда айланиб юриш, навбат кутиш, ҳар бир маҳсулот устида савдолашиш ҳамда қишда бозорда ҳукмронлик қиладиган импорт маҳсулотларини қимматроқ сотиб олишни истамайдиган аҳолининг энг бой қатлами супермаркет ва дўконларни танлайди. Асосий тушум айнан шу тоифа харидорлардан келади. Битта юқори даромадли мижоз, кўпинча, кам даромадли 10 нафар мижозга қараганда кўпроқ фойда келтиради. Қолаверса, улар товарларни насияга сўрамайди ва қўшимча қулайликлар, масалан, яхшироқ савдо шарт-шароитлари, шунингдек, кафолатланган сифат ва тарозидан уришнинг йўқлиги кабилар учун пул тўлашга тайёр. Яъни, умуман олганда, ҳозирнинг ўзида ҳам Ўзбекистондаги талабчан ва бой харидор қулайроқ шароитда зарур сабзавот ва меваларни сотиб олиб, камроқ вақт ҳамда пул сарфлаш имконига эга. Бу ерда мазкур тоифа мижозларнинг иш вақти қиймати ҳисобга олинмаяпти, чунки ишлайдиган одам учун вақт анча қиммат туради. Ойига 5 миллион сўмлик (500 доллар атрофида) даромад олувчининг бир соатлик иш ҳақи тахминан 30 минг сўмни ташкил қилади.

Бошқа томондан олиб қараганда, бўш вақти кўп бўлган камбағал мижоз, агар омади келиб қолса, супермаркетда эмас, балки бозорда маҳаллий ишлаб чиқарилган сабзавот ва меваларни сотиб олар экан, пулини тежаши мумкин. Айни дамда қишда тежаш эҳтимоли ёздагига қараганда паст бўлади, чунки ёз пайтлари бозорда Ўзбекистонда етиштириладиган сабзавот ва мевалар кўп, четдан олиб келинадиган маҳсулотлар эса камдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин