Бош саҳифаЯнгиликларБу йил музлатилган резаворлар Украинага 200 миллион доллар даромад келтиради
Долзарб Махсус Янгиликлар

Бу йил музлатилган резаворлар Украинага 200 миллион доллар даромад келтиради

EastFruit таҳлилчилари хабарига кўра, Украинадан мева-сабзавот сегментида экспорт тушумлари бўйича етакчи бўлган грек ёнғоғи 2020 йилда биринчи марта ўз ўрнини музлатилган резаворларга бўшатиб берган эди. Бу йил эса ушбу тоифадаги музлатилган резаворлар бўйича етакчилик, айниқса, музлатилган малина нархи тез ўсиши фонида янада мустаҳкамланди.

2020 йилда музлатилган резавор ва мевалар экспортидан олинган даромад 33 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 111 миллион долларга етди. Худди шу вақтда грек ёнғоғи экспортидан олинган даромад 30 фоизга тушиб, сўнгги тўрт йилдаги энг паст даражага келди ва 97 миллион долларни ташкил этди.

“2020 йилда ёнғоқнинг жаҳон нархлари АҚШ бозорида юқори сифатли маҳсулотларнинг ҳаддан зиёдлиги туфайли антирекорд ўрнатди. Бу Украинанинг ушбу тоифадаги экспорт даромадлари пасайишига асосий сабаб бўлди. Айтганча, ўтган йили Украинада янги ёнғоқ плантацияларини барпо этиш деярли тўхтатилди, питомник эгалари ёнғоқ кўчатларини утилизация қилишга мажбур бўлишди, чунки, уларга умуман талаб йўқ эди ва баъзи боғбонлар мева бераётган ёнғоқ боғларини йўқ қила бошлашди. Бироқ, менимча, бундай қарорга келиш учун эрта эди. Зеро, бу йил ёнғоқ нархи яна рекордларни янгиламоқда ва бу сафар ёнғоқ нархи жаҳон бўйича рекорд даражада баланд», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

«Афсуски, кўпчилик ёнғоқ етиштириш ўн йилликка мўлжалланган бизнес эканини тушунмайди, ахир, бир йиллик нархларни стратегик бизнес-қарорлар қабул қилиш учун асос қилиб олиш ярамайди. 2020 йили мен кўпчиликни ёнғоқ бизнесига киришиш учун идеал вақт эканлигига ишонтирганман, чунки, 2020 ва ҳатто 2021 йилда ҳам сифатли ёнғоқ кўчатларини «чой-чақа»га сотиб олиш мумкин бўлди. Бироқ, бизнесни ҳар томонлама, яъни, стратегик жиҳатдан кўриб чиқиш керак. Айнан ёнғоқ, резаворлар, умуман, мева-сабзавот бизнесида иш берадиган стратегиялар ҳақида  жонли мисоллар келтирган ҳолда 3 декабрь куни «Украина мева-сабзавотлари – 2021. Янги сармоявий имкониятлар» деб номланган конференцияда сўзлаб бераман. Ерга эгалик қилиш имконияти контекстида мева-сабзавот инвестициялари ҳозирги кунда жуда долзарб аҳамият касб этмоқда. Умид қиламанки, маслаҳатларим кўпчиликка инвестицияларнинг дастлабки босқичида хатога йўл қўймаслик ёки мавжуд сармоявий лойиҳаларга тузатиш киритишда ёрдам беради», дейди Андрий Ярмак.

Мутахассис музлатилган резаворлар экспортидаги янги рекордлар сабабларини нафақат малина нархи ошиши, балки мамлакатда музлатилган резавор ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши билан изоҳлади.

“2017-2018 йилларда Украина музлатилган резаворлар экспортидан 2020 йилдагидек даромад олиши мумкин эди, бироқ ўша пайтда музлатиш қуввати барча резаворларни қайта ишлаш учун етарли бўлмаган, шу боис, маҳсулотларнинг бир қисми сархил маҳсулотлар бозорида арзимаган пулга сотилди ёки шарбат ишлаб чиқариш учун жўнатилди ва ҳатто ҳосил йиғиб олинмаган ҳолатлар ҳам бўлди. 2021 йилда Украина музлатилган резаворлар экспорти бўйича рекордни янгилайди. Ва музлатилган резаворлар экспортидан тушган даромад ҳатто 200 миллион АҚШ долларидан ошиб кетиши мумкин! 2022 йилга бориб, Украинада мева-сабзавотларни музлатиш қуввати рекорд даражада ўсади ва ушбу мамлакат янги экспорт рекордларига тайёр бўлади. Аммо янги мавсумда малина учун глобал нархлар шундай яхши бўлиши даргумон. Шунинг учун, музлатилган мевалар экспорти стратегияси ҳақида ҳозирданоқ ўйлаш ва Польшага етказиб беришда пул йўқотишни давом эттирмаслик, аксинча, тўғридан-тўғри, даромадлироқ экспортга чиқиш керак. Конференция давомида, шунингдек, бу хусусда ҳам батафсил сўзлаб беришни режалаштирганман”, дейди ФАО эксперти.

EastFruit таҳлилчиларининг прогнозларига кўра, бу йил Украинада ёнғоқ экспортидан тушадиган даромад ҳам ўсади, бироқ бу ўсиш музлатилган резаворлар экспортидаги каби кескин бўлмайди. Шунга мувофиқ, музлатилган резаворлар ва ёнғоқ ўртасидаги даромад фарқи қисқаришда давом этади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

АҚШ компанияси Қозоғистон агромаҳсулотларини чуқур қайта ишлаш корхоналарига 100 миллион доллар сармоя киритишга тайёр

EastFruit

Ўзбекистондан ёнғоқ экспорти 2022 йилнинг биринчи чорагида қарийб уч баробар ошди

EastFruit

2 comments

Alikulov Shavkat 2 Yan 22 at 00:40

assalomalekum. Biz meva sabzavot eksporti bilan 2017 yildan beri shugillanib kelamiz. Eastfruit Tashkilotchilaridan Alloh rozi bolsin kerakli malumotlar va yangiliklar olib turamiz. Doimiy kuzatib boramiz. iltimosim tashkilotchilar bilan qanday boglansak boladi? bazi malumotlar kerak bolyapti internetdan topib bolmayapti.

Reply
Andriy Yarmak 2 Yan 22 at 17:29

Aloqa ma’lumotlari har bir sahifaning pastki qismida keltirilgan (pastga qarang). Bizga elektron pochta xabarini yuboring va biz javob beramiz.

Reply

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин