Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглари2022 йил учун агро-прогноз: нархларнинг рекорд даражада ўсиши, ўғитлар танқислиги, ҳосилдорлик пасайиши ва ишчи кучи етишмовчилиги
Долзарб Махсус Муаллифлик блоглари Янгиликлар

2022 йил учун агро-прогноз: нархларнинг рекорд даражада ўсиши, ўғитлар танқислиги, ҳосилдорлик пасайиши ва ишчи кучи етишмовчилиги

ФАО озиқ-овқат нархлари индекси ва истеъмолчилар сезгисига кўра, ҳозирги кунда жаҳон озиқ-овқат нархлари, айниқса, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаларида рекорд даражада юқори. Бироқ, менинг фикримча, бу ҳали ҳаммаси эмас. 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сабзавот ва мевалар нархи янада кескин ошиши, тарихий рекордларни янгилаши эҳтимоли юқори, деб ҳисоблайман.

Минтақа мева-сабзавот тармоғи вакиллари юқори даромад кутишлари керакми?

Йўқ, мен бундай деб ўйламайман ва сабабини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аммо ўз навбатида, шуни ҳам  таъкидлашим керакки, кўплаб фермерлар учун 2022 йил муваффақиятли кечиши мумкин.

Аввало, келинг, нима учун ҳозир жаҳонда озиқ-овқат қиммат эканлигини тушуниб олайлик. Мен сабабларнинг бир нечта тоифаларини кўрмоқдаман:

А) Макроиқтисодий

Б) Саноат

В) Сиёсий

Г) Логистик

Д) Энергетик

Ушбу сабабларни эркин тарзда қисқача тушунтиришга ҳаракат қиламан:

  1. Сиёсий сабаблар – маҳсулотлар экспорти ёки импортига чекловлар сони ортиб бораётгани, шунингдек, турли мамлакатлар ўртасида давом этаётган савдо урушлари ҳозирги вақтда жаҳон нархларига катта таъсир кўрсатмоқда. Яъни, эркин бозор фаолиятининг чекланиши ва унга давлат ҳукуматлари аралашуви мисолида намоён бўлувчи ҳамма нарса шу мамлакатлар аҳолиси учун озиқ-овқат нархлари ошишига олиб келмоқда. Бошқача айтадиган бўлсак, сўнгги йилларда биз кузатган глобаллашув жараёни ҳар бир транзакция учун харажатлар камайиши ҳисобига маҳсулотлар арзонлашувига олиб келди, аммо ҳозир у тескари йўналишда ривожлана бошлади: давлатлар божларни оширмоқда, давлат томонидан тартибга солишнинг турлича усуллари жорий қилинмоқда, захиралар оширилмоқда.
  2. Макроиқтисодий сабаблар ҳозир жаҳондаги маҳсулотлар нархига асосий таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, пандемия даврида жаҳонда жуда кўп пул “чоп этилди” – бу пуллар нархлар ошишига қарамай, талаб камайишига йўл қўймаяпти. Йил охирида АҚШдаги инфляция 7 фоизга баҳоланди – бу деярли 40 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир! Яъни, агар сиз пулни долларда жамғарган бўлсангиз, унда 2021 йил бошидаги 100 долларингиз 93 доллар бўлиб қолди. Табиийки, инфляция озиқ-овқат нархлари ошишига ҳам олиб келади!
  3. Логистика масаласи сабзавот ва мевалар савдоси билан шуғулланувчи ҳар бир кишига маълум. Жаҳон тарихдаги энг шафқатсиз логистик инқирозлардан бирини бошдан кечирмоқда. Ва ҳозирча уни ҳал этишнинг уддасидан чиқиб бўлмаяпти. Бир мамлакатдан бошқасига озиқ-овқат етказиб бериш нархи доимий равишда ўсиб бормоқда ва етказиб бериш имконияти ҳар доим ҳам, ҳатто юқори нархларда ҳам мавжуд эмас! Йил давомида транспорт харажатлари ўртача 3-4 баробар ошди ва нафақат денгиз контейнерлари, балки қуруқликдаги ташув нархи ҳам қимматлаган. Кўпгина мамлакатларда юк машиналари ҳайдовчиларининг етишмаслиги муаммоси ҳам бор. Бунга Cоvid-19 сабабли саёҳат билан боғлиқ вақти-вақти билан ўрнатилаётган чекловлар муаммосини ҳам қўшамиз.  Ва буларнинг бари, албатта, истеъмолчи тўлайдиган товарлар нархларига кўчади!
  4. Тармоқ сабаблари фақат маълум бир тармоқ ёки маҳсулот тоифаси учун муҳим бўлган сабаблардир. Масалан, жаҳонда олма ҳаддан зиёд етиштирилган бўлса ва бу мева тренд (мода) маҳсулот бўлмаса, истеъмолчида пул бор бўлса-да, унинг истеъмоли ўсмаслиги мумкин, демак, нархлар ҳам кўтарилмаслиги эҳтимоли баланд. Мен ушбу сабабларни блогнинг мазкур қисмида батафсил кўриб чиқмайман, чунки, ҳар бир маҳсулот тури учун вазият кескин фарқлидир. Фақат шуни қайд этмоқчиманки, ғалла, шакар, ёғ-мой, маълум даражада гўшт ва сут каби оммавий хом ашё етиштиришга йўналтирилган тармоқлардан кўра сабзавот ва мевалар учун тармоқ сабаблари муҳимроқдир.
  5. Энергетик сабаб озиқ-овқат нархи ўсишига ҳозир ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда, аммо 2022 йилда бу асосийси бўлади. Шунинг учун мен бу хусусда батафсилроқ алоҳида ёзаман. Айтиш мумкинки, энергия компоненти озиқ-овқат нархларига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Нефть ва газ нархи ошиши бевосита шакар, маккажўхори ва айрим ўсимлик мойлари нархи ошишига ва билвосита бошқа маҳсулотлар нархи қимматлашига олиб келади. Қандай қилиб нефть шакар ва маккажўхори нархига таъсир кўрсатмоқда? Саволга жавоб жуда оддий – биоэтанол орқали. Нефть қанчалик қиммат бўлса, биоэтанол ишлаб чиқариш шунчалик фойдали бўлади ва етиштирилган шакарқамиш ҳамда маккажўхори ҳажми биоэтанол ишлаб чиқаришга йўналтирилади, демак, шакар ва озуқа ишлаб чиқариш учун улар шунча кам таклиф қилинади. Шунда нархлар аниқ ошади. Мен билвосита таъсирни олма мисолида тушунтираман – кўплаб нефть экспорт қилувчи мамлакатлар учун бу экзотик маҳсулот мамлакат энергия экспортидан кўпроқ даромад олина бошланганда катта ҳажмда импорт қилинади. Бундан ташқари, нархларга логистика нархи ошиши (лекин бу унчалик муҳим эмас) ва ўғитлар нархи ошиши таъсир кўрсатиши ҳам бор. Ва худди шу ерда менинг блогимнинг асосий ғояси ниҳоят «очилади», шунинг учун энди бу хусусда батафсил…

Ҳозир жаҳонда минерал ўғитларнинг ўртача нархи ўтган йилга нисбатан 70-80 фоизга ошди. Аммо бу ўртача кўрсаткич. Энг сезиларли ўсиш барча қишлоқ хўжалиги экинлари ўсиши учун асос ҳисобланмиш азотли ўғитлар нархларида бўлди.  Азотли ўғитлар нархида 80-90% гача харажатлар табиий газ харажатларидир!  Ва у Европада бир йил аввалгидан ўртача 10 баробар қимматроқ.

Шунга кўра, азотли ўғитлар ишлаб чиқарадиган кўплаб заводлар шунчаки фаолиятини тўхтатди, чунки, ишлаб чиқаришнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини сақлаб қолиш учун азотли ўғитлар нархини 5-8 баробар ошириш керак. Бироқ, ўғитни бу нархда ҳеч ким сотиб олмайди.

Аммо, ўғитлар, сўнгги пайтларда газ нархининг бироз пасайишига қарамай, қимматлашда давом этмоқда. Чунки, оммавий ишлаб чиқариш мавсуми яқинлашяпти ва ўғит бўйича таклифлар кескин камайди. Талаб эса юқорилигича қолмоқда!

Худди ўша маккажўхорини етиштириш таннархида ҳам ўғит харажатларининг улуши 30-45% га етади!  Маккажўхори озуқа ишлаб чиқариш учун асосдир ва бу, табиийки, гўшт ва сут маҳсулотлари нархига таъсир қилади. Ва ҳатто балиқ нархларига ҳам, зеро, Осиёда балиқнинг асосий қисми океандан тутилмайди, балки етиштирилади.

Ва бу фақат битта экин билан боғлиқ мисол! Бошқа экинлар учун ҳам вазият худди шундай. Айни жиҳат мева-сабзавотларга ҳам тегишли бўлиб, бу ерда гектарига азотли ўғитларга бўлган эҳтиёж дала экинларини етиштиришдан кўра ўртача юқори бўлади!

Бу нима дегани? Бу шуни англатадики, ҳозир ҳамма 2022 йилда ҳосил етиштириш учун ўғит сотиб олаётган бўлса, кўпчилик, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда ўғитдан фойдаланишни камайтиради. Худди шу мамлакатларда фаол модда таркиби ва эълон қилингани ўртасидаги номувофиқлик билан кўплаб сохта маҳсулотлар пайдо бўлиши мумкин.

Албатта, мўъжиза содир бўлмайди: ўғитлар қанчалик кам бўлса, ҳосил шу қадар паст бўлади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун ер майдонини кўпайтиришимиз мумкинми?  Йўқ. Бундан ташқари, майдон доимий равишда қисқариб бормоқда, лекин Ер юзи аҳолиси сони ўсиб бормоқда.  Шунга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашмаслиги учун ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини сезиларли даражада ошириш зарур, токи, киши бошига тўғри келадиган маҳсулотлар сони ўзгармай қолгунча. Агар биз кичикроқ майдонда камроқ ўғит ишлатсак, унда ишлаб чиқаришнинг пасайишини кутишимиз керак!

Бунга қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосил бой берилиши муаммосига олиб келувчи иқлим ўзгариши омилини ҳам қўшамиз.  Бу борада, албатта, 2022 йилда омад кулиб боқишига умид қилиш мумкин, аммо омадга ишониб қолмаслик керак.

Жаҳон озиқ-овқат нархлари ҳаддан зиёд кескин ошиб кетишининг олдини олишга нима ёрдам беради, омаддан ташқари, албатта?

Технологиялар ривожланишини жадаллаштириш ва янада барқарор, самарали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига сармояларни кўпайтириш, шунингдек, Ер юзидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи аҳолининг экин етиштиришда янада самарали технологиялар ва маҳсулотлар маркетингига ёндашувлар ҳақидаги билимлари даражасини яхшилаш омили ҳам мавжуд. Бу биз ФАОда шуғулланадиган ишлар ва айнан шу жиҳат сўнгги йилларда озиқ-овқат нархи кескин ошишига йўл қўймасликка ёрдам берди.

Нега мева-сабзавот саноатининг барча вакиллари ҳам 2022 йилда озиқ-овқат нархлари ошиши мумкинлигидан хурсанд бўлишга шошилмасликлари керак?

Мен тўрт муҳим омилга эътибор қаратган бўлар эдим:

1) Юқорида айтиб ўтилган ички тармоқ омили

2) Ўғит етишмаслиги, материаллар ва жиҳозлар таннархи ўсиши ҳамда сифати ёмонлашуви омили

3) Ишчи кучи етишмаслиги омили

4) Истеъмолнинг эластиклиги омили

Ҳар бир тармоқ ва минтақа ичида вазият тубдан фарқ қилиши мумкин. Агар, масалан, голубикани оладиган бўлсак, етакчи экспортёр мамлакатларда ушбу резаворнинг ўртача  нархи йилдан-йилга пасаймоқда, шу билан бирга, уни етиштириш харажатлари ўсишда давом этяпти. Ушбу бозордаги олма ва бошқа кўплаб маҳсулотлар билан боғлиқ вазият ҳам шунга ўхшаш.

Шунга кўра, агар сиз ҳамма ишлаб чиқариш ҳажмини оширадиган сегментда ишласангиз, фақат инфляцияга таянмаслигингиз керак. Боз устига, 2022 йилда ишлаб чиқариш харажатлари жуда кескин ошади.

Ўғитлар ёки ўсимликларни ҳимояловчи воситалардан фойдаланишни камайтириш орқали пул тежашга ҳаракат қиладиган ишлаб чиқарувчилар ҳосилни бой бериш ва сифат ёмонлашуви муаммосига дуч келишади. Зеро, бозордаги товар нархини айнан сифат белгилаб беради – сифатли олма истеъмолчига керак бўлмаганидан 10 баробар қимматроқ сотилади.  Афсуски, бу кейинги мавсумда тез-тез содир бўлиши мумкин.

Ҳар доим жуда муҳим бўлган ишчи кучи етишмаслиги омили ҳам 2022 йилда кўплаб мамлакатларда асосий масалага айланади. Ҳа, Ўзбекистон ва Тожикистон бундай муаммога дуч келмасликлари мумкин. Ва умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари учун бу, албатта, фақат маҳсулот ҳажми ҳақида эмас, балки сифат ҳақида ҳам ўйлай бошланса, ўз-ўзини танитиш учун муайян бир имкониятдир.

Аммо Украина, Молдова ва Грузияда бу омил, эҳтимол, биринчи марта (айниқса, резавор сегментида) ҳатто ишчи кучи харажатларининг деярли кафолатланган кескин ўсиши ҳисобга олинмаганда ҳам ҳосил бой берилишига олиб келади.  Мен 2020 йилда мева-сабзавот бизнесининг ҳали тўлиқ механизациялашмаган сегментларига жуда жиддий салбий таъсир кўрсата бошлаган Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШ ҳақида гапирмаяпман.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, транспорт бозори мутахассислари 2022 йилда транспорт тарифларининг пасайишини кутишмайди.  Ва бу харажатлар бутунлай истеъмолчига эмас, балки қисман ишлаб чиқарувчи зиммасига ҳам ўтади. Шунга кўра, бу омил ҳам мева-сабзавот сектори учун салбийдир.

Кўпчилик унутиб қўядиган яна бир жиҳат. Агар донли маҳсулотлар нархи йилига 30-40%га кўтарилса, бу нархнинг жуда жиддий ўсиши ҳисобланади. Лекин мева-сабзавот маҳсулотлари, кўпинча, бир неча баробар қимматлашади ёки арзонлашади. Масалан, карам, сабзи, лавлаги, картошка, пиёз ҳозир минтақамизнинг кўплаб мамлакатларида бир йил аввалгидан 3-5 баробар қимматроқ сотилмоқда.  Кўпгина мамлакатларда мевалар мавсумда ҳам бир неча баробар қимматроқ эди. Малина ва грек ёнғоғи 2021 йилда нарх рекордларини тўлиқ янгилади.

Ва бу ерда талабнинг эластиклиги омили намоён бўлади – кўплаб мева, резавор ва ёнғоқлар муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари эмас, шунинг учун нархлар кескин кўтарилган тақдирда уларга талаб камайиши мумкин. Ва бу узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли юқоридир.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, 2022 йил қизиқарли бўлишни ваъда қилмоқда, аммо осон кечмайди.  Ва биз бу бозор имкон қадар шаффоф бўлиши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. EastFruit  порталининг фойдаланувчилари аудиторияси 2021 йилда илк бор миллион кишидан ошиб, бир йил ичида деярли икки баробар кўпайгани бежиз эмас, ахир!

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Ўзбекистонда икки ой давомида иссиқхона бодринги қарийб икки баробар арзонлашди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин