EastFruit таҳлилчилари Беларусь ва Россия бозорларининг ўзини-ўзи изоляциялаши маҳаллий мева-сабзавот истеъмолчилари учун тобора қимматга тушиб бораётганига эътибор қаратишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иммунитетни мустаҳкамлаш ва одамлар саломатлигини асрашда энг муҳим омил бўлмиш сархил мева-сабзавотлар истеъмолига салбий таъсир кўрсатади.
Россия ва Беларусь истеъмолчиларининг сархил сабзавот ва мева сотиб олиши билан боғлиқ вазият, айниқса, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, ушбу маҳсулотларни Европа Иттифоқидан Беларусь бозорига етказиб беришга эмбарго киритилгач мураккаб тус олди. Сир эмаски, Беларусь Россияда узоқ вақт давомида ушбу бозорга кириши таъқиқланган Европа мева-сабзавотларининг энг йирик реэкспортёри ҳисобланади. Шунга кўра, эмбаргодан нафақат беларуслик, балки россиялик истеъмолчилар ҳам зарар кўрди.
Россия ва Беларусь истеъмолчилари учун бу тариқа ўз-ўзини изоляциялаш қанчага тушади? Беларусь эмбаргоси эълон қилингач, илгари Европа Иттифоқидан ҳеч бўлмаса қисман импорт қилинган сабзавот ва меваларнинг асосий тўплами, жумладан, борш тўплами сабзавотлари ўртача 25-35%га қимматлади. EastFruit маълумотларига кўра, айни пайтда сабзавотлар ўрта ҳисобда бир йил аввалгидан икки баробар, мевалар 20-40% қимматроқдир.
Шунингдек ўқинг: 2022 йил учун агро-прогноз: нархларнинг рекорд даражада ўсиши, ўғитлар танқислиги, ҳосилдорлик пасайиши ва ишчи кучи етишмовчилиги
Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, биргина картошка учун россиялик истеъмолчилар 2022 йилда эмбарго бўлмаган ҳолатда харажатлар қанчага тушса, шундан тахминан 1 миллиард доллар ортиқча тўлайди. Беларуслик картошка истеъмолчилари, ўз навбатида, тахминан 150 миллион доллар йўқотади. Агар биз борш тўпламининг барча сабзавотларини ҳамда меваларни ҳисобга олсак, Россия ва Беларуснинг унчалик бадавлат бўлмаган истеъмолчилари ушбу эмбарголар учун икки миллиарддан зиёд ортиқча пул тўлайди.
Бозордаги бундай бузилишлар Россия ва Беларусга етказиб бериш учун Эрон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон каби мамлакатларда картошка, карам, сабзи, лавлаги, шунингдек, олма етиштириш ҳажмининг ўсишини рағбатлантирмоқда. Бироқ, Қозоғистон мева-сабзавот гуруҳининг бир қисмини, хусусан, картошка экспортини тўлиқ таъқиқлади. Шу билан бирга, қайд этилган бошқа мамлакатлардан логистика Европа Иттифоқи мамлакатларига қараганда анча қиммат, чунки, Россия Федерациясининг асосий истеъмоли мамлакатнинг Европа қисмида, Беларусь эса буткул Европада жойлашган. Шунга кўра, истеъмолчилар маҳсулотлар учун ортиқча пул тўлашга мажбур, аммо бу қўшимча маржа транспорт компанияларига кетади, ортиқча ташув километрлари эса атроф-муҳит ифлосланишини кучайтиради, тез бузиладиган мева-сабзавотларнинг сезиларли бой берилишига олиб келади. Буларнинг бари, афсуски, истеъмолчиларнинг ортиқча харажатлари ҳисобига амалга оширилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!