“Сиёҳранг олтин”. Францияда лавандани айнан шундай аташади. Бу бежиз эмас. Мовий, ҳаворанг, сиёҳранг ҳамда оқ, пушти ва оч яшил ранглар жилосига эга бу кўп йиллик хушбўй ўсимлик тижорат мақсадларида етиштириш сегментида тобора кўпроқ оммалашмоқда. Бу шу билан изоҳланадики, лаванда фармацевтика, озиқ-овқат, косметика ва бошқа соҳаларда ишлатилади. Шу боис, мазкур ўсимликка талаб доимо юқори, уни етиштириш бизнеси эса ҳамиша фойдали бўлиб келган.
Лаванда ёғи, лаванди шираси, лаванда гидролати, лаванда гулдасталари, лавандазорда ҳордиқ чиқариш ва фотосессиялар – лавандага инвестиция киритиб, рўёбга чиқариш мумкин бўлган бизнес ғояларини узоқ давом эттириш мумкин.
Лаванда етиштириш бизнесини бошлаш учун пухта ўйланган бизнес-режа ва маркетинг жуда муҳимдир.
Мутахассисларнинг қайд этишича, етиштириш технологияси ва уруғ тўғри танланган тақдирда, лаванданинг ўртача ҳосилдорлиги 65–70 ц/гектарни ташкил қилади. Бу ҳосилдан 100 кг гача эфир мойи – лавандани қайта ишлаш орқали олинадиган энг қимматбаҳо маҳсулот олиш мумкин.
Украинада лаванда мойининг ўртача улгуржи нархи 50$/кг, чакана нархи эса 80$/кг га етади. Шу тариқа, бутун ҳосилни $8-10 минг оралиғида бемалол сотиш мумкин. Бундан ташқари, лаванда уруғи ва кўчатлари савдосидан ҳам даромад қилса бўлади.
“Биз бахт ифорини етиштирамиз”, дейишмоқда Украинадаги “Лавандовая мануфактура” компанияси вакиллари лаванда ҳақида. Бу оилавий фермер хўжалиги 2019 йилдан буён ангустифолий лавандасини етиштириш билан шуғулланади ва лаванда кўчатларини сотади. “Лавандовая мануфактура” иш тажрибасидан келиб чиқиб айтсак, баҳорги кўчатлар савдоси март охирларида (аёзли об-ҳаво кутилмайдиган ва ҳаво ҳарорати 10 даражада барқарор сақланиб турадиган пайтда) бошланади ва апрель охирига қадар давом этади. Компания мутахассисларининг огоҳлантиришича, ҳаво анчагина исиб кетадиган май охирида лаванда экиш катта таваккалчилик. Аммо ўз минтақангиздаги об-ҳавога қараб ҳаракат қилсангиз бўлади. Кузда – сентябрь охиридан то ноябрь ўрталаригача ҳам лаванда экиш мумкин.
Лаванда етиштириш бизнеси камида 1 гектар майдон бўлсагина истиқболга эга бўлади. Кўчат етиштирувчилар ҳам, фермерларнинг ўзи ҳам шуни айтишади. Қолаверса, ерга ишлов бериш учун техника, шунингдек, кўчатлар орасида 0,3-0,6 м, қаторлар оралиғи 1,2-1,6 м бўлишини инобатга олган ҳолда, 13-18 минг туп кўчат керак бўлади. Харажатларнинг энг каттаси ҳам айнан кўчатлар бўлиб, уларнинг сифатлиси ҳар бири $0,5-1дан сотилади (бироқ $0,3 нархдан сифати пастроқ кўчатлар ҳам таклиф қилинмоқда). Дарвоқе, лаванда кўчатини уруғдан мустақил етиштириш орқали ҳам маблағни тежаб қолиш мумкин. Шунингдек, лавандани саноат усулида етиштиришда тупроққа ишлов бериш учун ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ҳам зарур.
Кўчат сентябрда экилган бўлса, лаванда етиштиришнинг илк йилидаёқ даромад олиш мумкин. Агар кўчат экиш баҳорда амалга оширилган бўлса, жорий йилда ҳосилни йиғиштириб олиш имкони йўқ. Чунки биринчи йилда ҳосил унчалик кўп бўлмайди ва уни йиғишитириб олишга кетган харажатларни ҳам қопламайди. Бундан ташқари, ўсимликнинг илдиз тизими унга ишлов берадиган ва кўпайтирадиган даражада хавсиз бўлмайди.
Лаванда етиштириш бизнеси бугунги кунда Украинада энди оммалашмоқда. Ҳозирда ушбу экинни саноат усулида етиштириш билан шуғулланаётганлар 20 тага ҳам бормайди. Полтава шаҳрида (Украина) 2019 йилдан буён лаванда етиштириш билан шуғулланаётган “Лавандовая мануфактура” компанияси эгаси Александр Масленко лаванда етиштиришда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозим, ушбу бизнесда муваффақият қозониш нимага боғлиқ, маҳсулотни қайта ишлаш қай даражада истиқболли ва нега келажакда ушбу бозор иштирокчиларининг кооперацияси юз бериши тўғрисида EastFruitга сўзлаб берди.
“Ерга ишлов бериш, экиш схемаси ва кўчатни тўғри танлаш – лаванда етиштиришда муваффақият қозонишнинг асосий уч омилидир”
Лаванда етиштиришда муваффақиятга эришишнинг учта асосий жиҳати булар – ерга тўғри ишлов бериш, кўчат танлаш ва кўчат экишнинг тўғри схемасини ишлаб чиқишдир, дея қайд этди Александр.
“Бизда стандарт, катта ва кейинчалик ўсишда давом этадиган кичик кўчатлар бор. Лаванда етиштиришга илк бор киришган пайтларимиз бизнинг танловимиз айнан охиргиси бўлган эди”, дейди Александр.
Лаванда учун қулай бўлган иқлим шароитлари ҳақида гапирар экан, “Лавандовая мануфактура” компанияси эгасининг қайд этишича, совуққа чидамлилик харитасига қараганда, Украинанинг бутун ҳудуди бир зонага мансуб. Бунда, иқлим шароитлари бирмунча юмшоқроқ бўлган Одесса вилояти истисно бўлиши мумкин.
“Лаванда – қурғоқчиликка чидамли ўсимлик, бироқ фермер ўз олдига қандай пировард мақсад қўйганидан келиб чиқиб, уни суғориш ва ўғитлаш мумкин. Масалан, сиз келажакда лаванда мойини ишлаб чиқаришни хоҳласангиз, ўғит сифатида табиий компонентлардангина, хусусан, кулдан фойдаланиш лозим. Агар лавандани катта ҳажмларда етиштириш режалаштирилган бўлса, кейинчалик қаторлар оралиғини механик культивация қилишни инобатга олган ҳолда экиш схемасини аввалдан ишлаб чиқиш керак.
1 гектар майдонга экиладиган кўчатлар сонини ҳисоблаш учун зарур бўлган тўғри экиш схемаси қандай ишлаб чиқилади? Қайд этиш жоизки, бу ерда муайян чегара ва меъёрлар мавжуд. Мисол учун, туплар орасидаги масофа 40-60 см ни ташкил этиши керак. Биз айнан 40 см ни тавсия этамиз. Бу шу билан изоҳланадики, келгусида кўчатлар ўсиб борар экан, улар бир-бирига чирмашади ва ягона шартли йўлакда бир текис очилади. Бундай масофага риоя қилинган тақдирда, 0,5 гектар майдон учун 9 минг туп кўчат талаб этилади.
Қаторлар оралиғидаги масофа ҳақида гапирадиган бўлсак, у келгусида далага механизациялашган ишлов беришда фойдаланиладиган техника катталигига қараб 1,40 дан 1,60 гача бўлиши мумкин.
Бизнинг плантациямиз тўғрисида айтсам, биз аввалбошданоқ унга арт-объект сифатида ёндашганмиз – 0,5 гектар майдонимизга кўчатлар қуёш шаклида экилган. Ушбу экин майдонига биз қўлда ишлов берамиз – далада 3 киши доимий ишлайди. Майдонда қамров кенглиги 2,5 метр бўлган “Туман” суғориш тизими ўрнатилган. Суғориш учун сувни ўзимизнинг қудуқдан оламиз” дея тушунтирди Александр.
Дарвоқе, лаванданинг навлари ҳақида сўзлаб берар экан, Александр ингичка баргли, кенг баргли ва гибрид навлар (лавандин) борлигини таъкидлаб ўтди. “Лавандовая мануфактура” компаниясида Англиянинг “Оффиционале” селекциясига мансуб ингичка баргли нави етиштирилмоқда. Бундан ташқари, бир йил аввал компания кейинчалик сертификатланган кўчатхона ташкил этиш мақсадида лаванданинг иккита навини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар топширди.
“Лавандани саноат усулида етиштириш камида 5 гектар майдонда йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ”
“Лавандовая мануфактура” компаниясининг асосий бизнес модели кўчат сотишга асосланган, дейди компания эгаси. Юқорида тилга олинган плантация эса бу бизнес ичидаги ўзига хос бизнесдир. “У ерда лаванданинг бир қанча турлари экилган бўлиб, асосий мақсад – ташқи гўзал манзарадир. Бу ерда бизга ташриф буюрувчи одамлар хордиқ чиқаради.
Жорий мавсумда биз режалаштирганимиздан 40 фоиз ҳажмга чиқа олдик холос. Умуман, биз одамлар шаҳар ташвишларидан чиқиб, майдонимизга келиши, дам олиши, чиройли фотосессиялар қилишини мўлжаллаганмиз. Аммо бош мақсад – мижозларни никоҳ маросимларини ўтказишга жалб қилиш”, дея қайд этади компания эгаси.
Ҳозир компания учта майдонда: намойиш даласи, кўчат етиштириш даласи, шунингдек, лаванданинг эксклюзив навлари ўстириладиган далада лаванда етиштирмоқда.
“Кўчатларимизга асосий харидорлар ҳақида гапирсам, улар асосан боғ марказлари ҳисобланади. Чунки бизнинг кўчатларимизнинг тутиб кетиш эҳтимоли 96 фоизни ташкил қилади” Бу маҳсулотимизнинг юқори сифатидан далолат беради”, дея тушунтириш берди Александр.
Агар келгусида лавандани қайта ишлаш учун саноат усулида етиштириш мақсад қилинган бўлса, Александрнинг сўзларига кўра, бунинг учун камида 5 гектар керак. “Бундан ташқари, лаванда мойи ишлаб чиқариш учун қайта ишлаш қувватлари имкони борича яқинроқ манзилда жойлашган бўлиши лозим. Чунки ўсимлик узиб олингач, 24 соат ичида қайта ишланиши талаб этилади. Шуни эътиборга олиш керакки, лаванда экилгач 2-3 йилдан сўнг қайта ишланганда мой бера бошлайди. Кейин эса 10-15 йил мобайнида ундан мой олиш мумкин бўлади”, деб тушунтирди Александр мазкур бизнеснинг ўзига хос жиҳатларини. Унинг қўшимча қилишича, бозорда лаванда гулларини, гулдасталарини ҳам сотиш мумкин экан.
Мутахассиснинг сўзларига кўра лаванда доимий равишда яганалаб турилади. Бу ўсимлик юқорига қараб ўсиб кетмаслиги учун қилинади. “Айнан яганалаб турилгани боис ушбу экин шар шаклида ўсиб ривожланади. Бевосита шоҳлардан янги новдалар ҳосил бўлади. Яъни кўчатлар тупнинг қай даражада шоҳланганига қараб гуллайди”, дея тушунтирди “Лавандовая мануфактура” эгаси.
Лаванда уруғлари ноябрь ойида қадалади. Уларнинг ўсиб кетишига экин материалининг сифати катта таъсир қилади. Бунда, уруғ ўсиб чиққандан бошлаб ярим йилга яқин давр мобайнида қаттиқ қаров талаб этилади.
“Кўчатлар борасида гапирадиган бўлсак, бозорда бир йиллик ҳам, икки йиллик ҳам кўчат материаллари бор. Уларни фарқлай билиш керак, чунки баъзида каттароқ бир йиллик кўчатларни икки йиллик кўчат деб пуллаб юборишади. Ўз рақобатчиларимизнинг ишлари қандай кетаётганини ўрганиш мақсадида биз баъзида уларга икки йиллик кўчатлар буюртма берамиз. Шу тариқа, уларнинг устун жиҳатларини ўрганамиз. Эсимда, бир марта биз бир йиллик кўчат буюртма берганмиз. Улар эса 5 йиллик тупни юборишибди”, дейди Александр.
Улгуржи бозорда (500 тупдан ортиқ) бир йиллик кўчатларларнинг нархи донаси 15 грн., икки йилликлари эса 24 грн.ни ташкил қилади. “Шуни ёдда тутиш лозимки, икки йиллик кўчатлар худди бир йиллик кўчатлар каби ҳар мавсумда 3 мартадан кесиб турилади. Кўчат илк қишини ўтказгандан сўнг у 1/3 қисмга кесиб ташланади. Шу тариқа экин келажакда ривожланиш учун зарур босимни олади”, дея тушунтириш берди “Лавандовая мануфактура” эгаси.
Ковлаб олинган кўчатлар буюртмачиларга жўнатилишидан аввал “Лавандовая мануфактура”да 20-70 та ўсимликдан иборат ўзига хос “гулдаста” қилиб боғланади ва ичига ҳаво кирмайдиган тарзда скотч билан ўралган пакетларга жойланади. Бундай қадоқлаш кўчатларни бир ярим ҳафта муддат давомида ташиш имконини беради. Буюртмачиларга кўчатларни тўғри экиш ва уларга қараш бўйича инфографика кўринишида тавсиялар берилади.
“Лаванда бозори иштирокчиларининг кооперацияси юз бериши муқаррар, аммо бунинг учун соҳа тўлиқ циклда ривожланиб олиши даркор”
Александр лаванда етиштиришни ният қилганларга дастлаб кичикроқ – 0,5 гектар майдонга экин экиб, ишни бошлашни маслаҳат беради. “Шу тариқа, сиз етарли тажриба тўплайсиз – қайси кўчатлар қишни яхши ўтказади, уларга қандай қаров керак, культивация жараёни қандай олиб борилади, деган саволларга жавоб оласиз. Хатолар бўлиши аниқ. Айнан шунинг учун ҳам саноат усулида катта миқдорда ҳосил етиштиришдан олдин сиз кичик майдонда уларни бартараф этишни ўрганасиз”, дейди Александр.
Агар кўчатлар қумлоқ майдонга экилса, у кўп нам тортиб олишини эътиборда тутиш жоиз. Шу боисдан, бундай шароитларда суғориш талаб қилинади.
Тиллақўнғиз лаванданинг асосий зараркунандаси ҳисобланади, дея қайд этди Александр. Қолаверса, рангдор қўнғиз, карамқўнғиз ва шиллиққурт ҳам ўсимликка зарар етказади. Шунингдек, ушбу экиннинг замбуруғ касалликларидан ҳам эҳтиёт бўлиш лозим.
Лаванда далалари бегона ўтларга қарши яхшилаб ишлов беришни талаб этади. “Жорий мавсумда биз ушбу мақсадда ўз даламизда гербицид билан ишлов бердик. Шундан сўнг бегона ўтлар лавандага зарар бермаган ҳолда қуриб қолди – гербицид лаванда тупига тушган тақдирда ҳам, ўсимликнинг барглари бироз сарғайди холос, аммо у нобуд бўлмади. Кейин эса қаторлар оралиғини мотоблок ёрдамида культивация қилдик, ерни текислаб, майса экдик. Худди шу ишлардан кейиноқ ёмғир ёғиб, биз эккан майсалар, улар билан бирга бегона ўтлар ҳам ўсиб чиқди. Шундай қилиб, биз ишлатган гербицид самараси паст бўлганига ишонч ҳосил қилдик”, дейди Александр.
“Лавандовая мануфактура” раҳбарининг фикрича, бугунга келиб Украинада лаванда етиштиришга қизиқишнинг ортишига хорижга сайёҳлик сафарлари туртки бўлди – одамлар, масалан, Францияда бу экинни ўстириш нақадар кенг тарқалганига гувоҳ бўлдилар.
“Ҳозир Украинада ўзига хос “лавандачилик” – ушбу экинни ўстирувчилар жамоаси шаклланмоқда. Улар кўп эмас – 20 тага ҳам бормайди. Келажакда эса бозор кенгайиб боради, нафақат лаванда кўчатлари ва гулдасталари, балки уни қайта ишлаш маҳсулотларини ҳам талаб қила бошлайди. Бунда бозор иштирокчиларининг кооперацияси рўй бериши муқаррар. Бироқ биз аввал соҳанинг тўлиқ ривожланиш циклини босиб ўтишимиз шарт”, дея хулоса қилади Александр.
Лаванда етиштирувчилар нимадан даромад оляпти
Лаванданинг ўзига хос фойдали хусусиятлари унга юқори талабни вужудга келтирди. У яхшигина шира тўпловчи ўсимлик ҳамдир. Лаванда шираси эса жуда қиммат туради. EastFruit жамоаси таҳлилчилари томонидан савдо майдончаларида олиб борилган таҳлилларнинг кўрсатишича, Украинада ушбу маҳсулотнинг 250 грамми ўртача $5,51 нархда сотилмоқда. Шу тариқа, лаванда даласи ораларига асалари қутиларини қўйиш фермерга қўшимча даромад келтиради.
Лаванда яна инсектицид хусусиятга эга бўлиб, колорадо қўнғизи ва мевахўр сингари зараркунандаларга қарши курашда катта самара беради. Шунинг учун, лаванданинг кичик-кичик тупларига кенг истеъмолчилар орасида талаб катта, уларни боғ марказлари ва бозорларда сотишади.
Бундан ташқари, юқорида эслаб ўтганимиздек, лаванда ўзига яраша хушбўй ўсимлик бўлиб, уни гулдаста кўринишида ҳам сотувга чиқариш мумкин. 100 та новдадан ясалган гулдаста Украинанинг онлайн-савдо майдончаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан $5,51 нархда таклиф этилмоқда.
Лаванда гидролати, яъни “гул суви” деб аталувчи модда косметология ва тиббиётда кенг қўлланилади ҳамда бозорда талабгир ҳисобланади. Лаванданинг фаол биологик бирикмаларидан таркиб топган бу суюқ аралашма ўзининг тинчлантирувчи, ёшартирувчи, тетиклаштирувчи хусусиятлари билан машҳур бўлган. 100 мл лаванда гидролати Украина бозорида $5,51 нархда сотилади.
Айни дамда лавандадан олинадиган энг қиммат маҳсулот бу – эфир мойидир. Косметология мақсадларида ишлатилувчи ушбу мойнинг 5 мл Украинада $2,38 нархга етади. Бироқ, лаванда етиштирувчиларнинг айтишича, бозорда ушбу маҳсулотга оддий ёғни қўшиб, кейинчалик “тоза лаванда мойи” дея пуллаш билан боғлиқ қалбакилаштириш муаммоси мавжуд.
Худди шу маҳсулот Грузиянинг онлайн-дўконларида 10 мл учун $4,36 дан, Ўзбекистонда эса $7,15 дан таклиф қилинмоқда.
Россиядаги онлайн савдо майдончаларида ҳам лавандадан олинган турли маҳсулотлар сотиляпти. Масалан, Тожикистонда етиштирилган ўсимлик гулларидан тайёрланган гулдастанинг 100 грамми $2,68 нархда сотувга чиқарилган.
Россия бозорида лаванда кўчатларини сотиш бизнеси ҳам яхши ривожланган. Масалан, “Дварф Блю” навининг бир тупи $5,36 туради.
Лаванда етиштириш учун иқлими энг қулай бўлган Молдовада ушбу экиннинг уруғларини сотиш бизнеси яхши ривожланган. Доривор лаванданинг 0,1 гр оғирликда қадоқланган уруғи харидорларга $0,36 дан таклиф қилинмоқда.
Дунёда лаванда майдонлари йилдан-йилга кенгайиб, тобора кўпроқ сайёҳларни жалб этмоқда
Лаванда бутун дунёда йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Франциянинг Проване провинциясида ақл бовар қилмас даражада улкан лаванда майдонлари мавжуд бўлиб, бу ерда ҳар йили лаванда фестиваллари ўтказилади. Ушбу тадбирларнинг санаси лаванда ҳосилини йиғиб олиш жойи ва даврига боғлиқ бўлади. Энг машҳур лаванда фестиваллари Валенсоле (15-20 июль), Динь-ле-Бен (август бошида) ва Со платосида (август ўрталарида) ўтказилади.
Провинцияга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун таниқли лаванда манзиллари бўйлаб махсус йўналишлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар “Лаванда йўллари” (Les Routes de la Lavande) деб аталади.
Дарвоқе, худди шундай сайёҳлик дастурлари, масалан, ўз лаванда далалари билан машҳур бўлган Венгрия ва Болгарияда ҳам таклиф қилинади. 2021 йил июнда Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида Марказий Осиёдаги биринчи лаванда фестивали ташкил қилинди.
Турсунзодадаги (Тожикистон) “Муроджон Ота” фермер хўжалиги ҳам лаванда етиштиришга ихтисослашган. У ердаги деҳқонларнинг ишонч билан айтишича, Тожикистонда лаванданинг бир қанча навларини етиштириш учун барча шарт-шароитлар бор.
Лаванда бизнесини ривожлантириш бўйича бизнес-стратегияларни режалаштиришда ҳам туристик жиҳатни ҳисобга олиш мумкин. Чунки коронавирус пандемияси шароитида турли мамлакатларда ички туризм кенг тарқалмоқда.
Лаванда маҳсулотлари косметология ва тиббиётда кенг қўлланиляпти
Ушбу ўсимлик эфир мойили ва ширин-хушбўй экинлар қаторига киради. Бутун дунёда парфюмерия-косметика ва фармацевтика саноати маҳсулотларининг ажралмас қисми сифатида ўта талаб юқори бўлган эфир мойи унинг барча қисмларида мавжуд (1,2-2,3%).
Эфир мойи таркибида кўплаб моддалар мавжуд, аммо энг асосийси линалилацетат ва лавандулилацетат эфирларидир. Лаванда тўпгулларида эфир мойидан ташқари яна дубиль моддалар (танинлар), фенилкарбон кислоталар (розмарин кислота ва ундан ҳосил бўлган бирикмалар), гидроксикумаринлар (умбеллиферон, герниарин), фитостероллар, кумаринлар ва флавоноидлар аниқланган.
Лаванда гуллари унинг эфир мойи сингари Европа Фармакопеясига киритилган. Улардан тайёрланадиган дори препаратлари енгил седатив, бўшаштирувчи ва тинчлантирувчи таъсирга эга. Мазкур моддаларнинг микробга қарши, шамоллашга қарши, фунгицид, инсектицид ва акарицид таъсир кучи ҳам тадқиқотларда исботланган.
Тиббиётда лаванда уйқунинг бузилиши, овқат хазм қилишдаги, айниқса, стресслар ва тартибсиз овқатланиш натижасидаги функционал бузилишлар, ошқозон қўзғалиши синдромида тавсия этилади. Шунингдек, қон айланишининг бузилишлари ва ревматизм касалликларида қўлланилади.
Масалан, Болгарияда мигрень касаллигида лаванда седатив восита сифатида ишлатилади. Германияда лаванда тўпгулларидан мазлар тайёрланади. Австрияда ўсимлик гуллагунига қадар олинган барглар тинчлантирувчи, шамоллашга қарши ва ўт пуфагига малҳам сифатида ишлатишади. Гуллари билан эса шкафга қўйиб, куяга қарши қўллашади. Польшада лаванда мойчечак билан биргаликда томоқ бўғилиши ва бронхитда қўлланилади, Францияда эса лаванда гули дамламаси яхши сафро ҳайдовчи ва диуретик восита ҳисобланади.
“Лаванда етиштириш ва уни қайта ишлаш бизнеси деярли чиқиндисиз ишлаб чиқаришдир, чунки ушбу ўсимликнинг барча қисмлари озиқ-овқат, косметология ва тиббиёт соҳаларида ишлатилиши мумкин. Айни пайтда, яхши ташкил қилинган маркетинг ва бизнес-стратегия, навлар ва етиштириш технологияларини тўғри танлаш – лаванда етиштиришда муваффақият калитидир”, дейди БМТ ФАО ташкилотининг халқаро консультанти Катерина Зверева.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!