Бош саҳифаЯнгиликларТожикистон: озиқ-овқат хавфсизлиги ва макроиқтисодий барқарорлик
Бозорлар шарҳи Долзарб Махсус Янгиликлар

Тожикистон: озиқ-овқат хавфсизлиги ва макроиқтисодий барқарорлик

Ушбу материалда EastFruit таҳлилчилари Тожикистондаги озиқ-овқат хавфсизлиги, макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик, шунингдек, истеъмолчиларнинг кайфияти билан боғлиқ вазиятни баён этишади ва Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари фонида ушбу вазиятнинг келгусидаги ривожланиш истиқболлари ҳамда имкониятларини баҳолашга ҳаракат қилишади.

Тожикистон озиқ-овқат маҳсулотларининг нетто-импортёри ҳисобланади.  Салбий савдо баланси йилига 800 миллион долларни ташкил этади. Бошқача айтганда, нисбатан кичикроқ Тожикистоннинг қўшни Ўзбекистонга қараганда озиқ-овқат савдо баланси кескин салбийдир.

Шу билан бирга, импортнинг 31 фоизи Россия ва Украинадан етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади.  Тожикистон озиқ-овқатининг 30% га яқини Россия Федерациясидан, 1%га яқини эса Украинадан импорт қилинади.  Беларусдан импорт нисбатан кичик миқдорда эканини қайд этиш жоиз.  Россиядан Тожикистонга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш реал кўрсаткичи бундан юқорироқ бўлиши мумкин, чунки, қисман бу товарлар Қозоғистон орқали мамлакатга импорт қилинади ва айнан Қозоғистон 40% улуш билан Тожикистонга озиқ-овқат етказиб берувчи (энг йирик) ҳисобланади.

Тожикистоннинг озиқ-овқат экспорти нисбатан кичик, йилига 100 миллион доллардан кам. Бироқ, реал рақамлар сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин.  Шунга қарамай, мамлакатнинг экспортга боғлиқлиги кўпчилик позицияларда у қадар юқори эмас. Фақат сархил  ва қуритилган мевалар, шунингдек, айрим эртаги сабзавотлар тоифасидаги маҳсулотлар экспорти имконияти ички бозорда нархларни сақлаб қолишга ёрдам беради. Албатта, Россия резидентларининг харид қобилияти кескин пасайиши Тожикистон экспортёрлари учун ёмон хабар бўлиб, уларни ҳозирданоқ муқобил бозорлар излашга ундамоқда.

Тожикистон озиқ-овқат савдосида мазкур вазиятга нисбатан таъсирчан позициялар

Тожикистоннинг муҳим импорт тоифалари буғдой ва буғдой уни, ўсимлик ёғи ва мойлар ҳамда шакардир.  Ушбу уч маҳсулот тоифасига жами импортнинг 55%дан ортиғи тўғри келади. Яна тахминан 10%и чорвачиликда ишлатиладиган ем-хашак ва мойли чиқитлар бўлиб, бу борада ҳам мамлакат импортга боғлиқ.

Гарчи, буғдой импортида Россияга боғликлик паст даражада бўлса-да, Тожикистондаги деярли барча озиқ-овқат буғдойи Қозоғистондан келтирилади. Айни дамда Қозоғистон буғдой экспорти таъқиқланиши ёки қатъий чекланиши мумкинлигини эълон қилди, бу эса Тожикистон учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўсимлик ёғи борасида катта муаммолар бўлмаслиги керак. Умуман олганда, ушбу маҳсулот нархи ошиши кам таъминланган аҳоли учун салбий аҳамиятга эга.

2021 йилда Тожикистон озиқ-овқат маҳсулотлари импорти таркибида асосий тоифадаги маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги хом ашёсининг улуши, фоизда:

Дон ва ун – 30%

Ўсимлик ёғи ва мойли ўсимликлар – 15%

Чорва учун ем-озуқа – 10%

Шакар – 10%

Бошқа маҳсулотлар – 35%

Тожикистон қисман Россия ва Беларусдан импорт қиладиган шакар билан боғлиқ вазият бироз ёмонроқ. Бироқ, мамлакатга шакарнинг асосий етказиб берувчиси Ҳиндистондир, яъни, ушбу мамлакатдан импорт ҳажмини оширишга ҳаракат қилиш мумкин. Ваҳоланки, бу ерда ҳам нархлар ўсишини кутишга тўғри келади ва бу Тожикистон учун жиддий муаммодир.

Чорва учун озуқа-ем эса мамлакат чорвадорлари учун жуда қимматга тушади.  Минтақадаги энг йирик озуқа экспортёри бўлмиш Украина маҳсулоти уруш тугаган тақдирда ҳам яна бир неча ой бозорда кўринмаслиги аниқ. Емни сотиб олиш мумкин бўлса-да, нархлар  қимматлашиши мумкин, бу Тожикистонда шундоқ ҳам  самарали бўлмаган чорвачиликка зарар етказиши ва мамлакат аҳолисининг ушбу муҳим оқсил манбаини харид қилишини қийинлаштириши эҳтимоли баланд.

Тожикистон миллий валютаси – сомони курси

Россия армиясининг Украинада жанговар ҳаракатлар бошлашидан аввал Тожикистон сомонисининг долларга нисбатан расмий курси 11,3 ни ташкил этган бўлса, ҳозир 12.5 атрофида. Юзага келган ваҳима туфайли қора бозордаги курс ҳатто 14,8 сомонигача кўтарилди, аммо кейин у яна пасайди.

Табиийки, мамлакатдаги деярли барча импорт товарлар курс билан бирга қимматлашган. Шунингдек,  бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, кўплаб савдогарлар курсни 15 дан ҳисобламоқда, чунки, уларнинг кейинчалик зарарга кирмасликка  ишончи комил эмас. Ва шунга кўра, нарх ўсиши 30%ни ташкил қилади. Бу, албатта, фақат импорт қилинадиган товарларга тааллуқли.

Шу билан бирга, Россия рублига нисбатан маҳаллий валюта 40 фоиздан зиёд қимматлашган, мигрантлар юбораётган рубль маҳаллий валютага нисбатан қадрсизланган.

Тожикистонда истеъмолчилар кайфияти

Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари бошланганидан сўнг, аҳоли аҳоли ёғ, ун ва шакарни оммавий равишда сотиб ола бошлади. Ўз навбатида, ушбу маҳсулотлар 30 фоизга қимматлашди. Россиянинг ушбу товарлар экспортини таъқиқлаши туфайли вазият янада мураккаб тус олди.

Шу билан бирга, трейдерлар жуда тез реакция билдириб, дарҳол Ҳиндистондан шакар етказиб бериш даражасини оширишди. Ҳиндистон шакари Россия шакарига нисбатан 20% арзонроқ, аммо, кўпчилик юқори сифатли деган фикрда Россия Федерациясининг маҳсулотларини афзал кўради.

Бундан ташқари, истеъмолчилар макарон сотиб ола бошлашди. Макарон Тожикистонда Қозоғистон унидан тайёрланади. Шу сабабли, ҳатто маҳаллий макарон ҳам 30% ва ундан кўпроқ қимматлашган.  Россия Федерациясидан импорт қилинадиган макарон маҳсулотлари 50 фоизга қимматлади.  Маҳаллий ёғ нархи ҳам 20-30 фоизга ошган (кунгабоқар ва пахта ёғи). Ўзбекистондан пахта ёғи импорти ошди.

Кўпчилик кўчмас мулкка сармоя киритишни тўхтатди, ишлатилган автомобиллар бозорида ҳам савдолар тўхтаб қолди. Бу  Тожикистондаги қурилиш бизнесига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари ассортименти ўзгармади.  Дўконларда ҳозирча бўш пештахталар йўқ ва барча маҳсулотлар доимий мавжуд. Фақат нархлар ўзгарган, холос.

Бу йил Тожикистонда экинлар структураси ўзгарадими?

Экинларнинг структураси кескин ўзгариши даргумон. Катта ҳажмда фақат пиёз Россия Федерациясига юборилди, лекин у кузда экилган. Деҳқонлар ҳар доим қилган ишларини бажаришда давом этишади ва ўзлари доимий эккан экинни етиштиришади.

Айни пайтда деҳқонлар ўғитлар нархи қимматлигидан, айниқса, сўнгги пайтда кескин қимматлашганидан шикоят қилишмоқда. Бироқ, нархлар бундан аввал ҳам кўтарилган эди. Россия Федерацияси Тожикистонга ўғит экспортини тўхтатгани эса янгилик бўлди.

Шу боис, ҳамма нарса қиммат бўлгани учун Тожикистон деҳқонлари бу йил ўғитдан камроқ фойдаланишади. Илғор фермерлар эса келаётган мавсум учун қишда ўғит  харид қилишди.

Аммо, янги ҳосил учун ўғит ишлатиш ҳажми пасаяди. Бу эса қишлоқ хўжалиги экинларининг ўртача ҳосилдорлиги камайиши эҳтимоли мавжудлигини англатади.

Тожикистон иқтисодиётига меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари таъсири

Тожикистон ялпи ички маҳсулот таркибида муҳожирлар юборган пул ўтказмаларининг улуши бўйича жаҳонда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шу сабаб унинг Тожикистон иқтисодиёти ва макроиқтисодий барқарорлигига таъсири жуда муҳим бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда.

Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан курси қулаши нақд пул тушумлари ҳажмини мутаносиб равишда камайтириши аниқ. Айни пайтда Тожикистон муҳожирларининг ўзлари ҳам ватанга қайтиш учун сабаб кўришмаяпти. Уларнинг айтишича, Россияда нархлар улар сотиб оладиган асосий маҳсулотлар учун унчалик юқори эмас, бироқ, уй-жой ижараси нархи ошган.

Тожикистонда ҳануз Россияга бориш истагидагилар кўп. Тўғри, сафарга бориш қийинлашди, чунки, икки ҳафта давомида Россияга умуман рейслар бўлмади. Бироқ, ҳозирги пайтда Россияга рейслар сони тикланган кўринади. Бу дегани, муҳожирлар оқими катта эҳтимол билан сезиларли даражада сақланиб қолади.

Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қаторида тадбиркорларни текшириш борасида 2022 йил охирига қадар мораторий жорий этилганини алоҳида қайд этиш мумкин.

Тожикистонда қайси маҳсулотлар кескин қимматлашган?

Бошқаларга нисбатан Россия Федерациясидан шакар ва макарон каби маҳсулотлар, шунингдек, ўғитлар қимматлашди.  Қолган маҳсулотлар нархи ошиши валюта курси ўзгариши ҳисобига 20% атрофида бўлди.

Импорт қилинадиган сабзавот ва мевалар нархи ҳам валюта курсига мос равишда кўтарилди, бироқ, маҳаллий маҳсулотлар учун одатдаги мавсумий ўзгаришларни ҳисобга олмаганда, унчалик ўзгармади.

Хулосалар қандай?

2022 йилнинг қолган қисми Тожикистон истеъмолчилари учун осон кечмайди, чунки, Украинада вазият ҳануз оғирлигича қолмоқда, Россияга қарши санкциялар кучаймоқда ва глобал озиқ-овқат ҳамда қазилма энергия манбалари бозорида вазият тобора таранглашиб, аввалдан айтиб бўлмайдиган ҳолатлар юзага келмоқда.

Йирик етказиб берувчи давлатларнинг дон ва бошқа асосий маҳсулотлар учун жорий қилган савдо чекловлари Тожикистонга энг кўп таъсир кўрсатади.  Макроиқтисодиётга келсак, мамлакатнинг мигрантлар пул ўтказмасидан тушадиган даромадлари пасайишининг таъсири сезиларли бўлади. Бу қурилиш ва бошқа шу каби соҳаларга салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори.

Сабзавот ва мева етиштирувчилар ҳам Россия, Беларусь ва Украинада ўз маҳсулотларига самарали талаб пасайишининг салбий оқибатларини ҳис қилишлари мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Европа Иттифоқида рад этилган жами мева-сабзавотларнинг 60 фоизи ҳануз Туркия ҳиссасига тўғри келмоқда

EastFruit

Ўзбекистондан ёнғоқ экспорти 2022 йилнинг биринчи чорагида қарийб уч баробар ошди

EastFruit

Тожикистонлик 500 нафар фуқаро Буюк Британияга қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш учун кетиши мумкин

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин