Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон бозорига йўл — йирик ва номдор чакана-савдо тармоқларининг ушбу мамлакатга қизиқиши ортмоқда
Янгиликлар

Ўзбекистон бозорига йўл – йирик ва номдор чакана-савдо тармоқларининг ушбу мамлакатга қизиқиши ортмоқда

2021 йилнинг декабрь ойи бошида Қозоғистондаги энг йирик чакана-савдо тармоғи – Magnum Cash&Carry Ўзбекистон пойтахтида дастлабки иккита дўкони – гипермаркет ва супермаркет очишни режалаштирмоқда. Шу йилнинг сентябрь ойида эса компания раҳбарияти  Magnum Cash&Carry тармоғининг Ўзбекистон бозорига кириши устувор аҳамиятга эга эканини қайд этган эди.

STEPPE онлайн-нашри Қозоғистоннинг бир қанча йирик компаниялари билан боғланиб, улар нима учун Ўзбекистонни танлагани, ушбу мамлакат бозорига киришда нималарни билиш кераклиги, ушбу мамлакатда нималарга эришишгани ёки эришмоқчи бўлишаётгани ҳақида сўради. Ушбу интервьюда Ўзбекистон бозорига 2018 йилда кириб борган икки компания вакиллари ва яқин келажакда ушбу бозорга киришни режалаштираётган  Magnum Cash&Carry вакили иштирок этди.

EastFruit мазкур интервьюнинг бир қисмини, хусусан, Magnum Cash&Carry Uzbekistan раҳбари лавозимига тайинланган Асқар Мнайдарнинг изоҳларини келтирди:

– Нима учун айнан Ўзбекистон?

– 34 миллиондан ортиқ аҳолиси бор ва Марказий Осиё учун қулай географик жойлашувга эга ушбу мамлакат йирик компаниялар учун мазкур минтақанинг маркази бўлишга муносиб. Шу сабабдан биз минтақада замонавий чакана савдо ривожини прогноз қилмоқдамиз. Қолаверса, биз ҳақиқатан ҳам, сиёсат ва иқтисодий ислоҳотлар векторининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонни истиқболли йўналиш деб биламиз.

– Ўзбекистон бозорига киришда нималарни билиш керак?

– Биз тажрибамизга таяниб, Қозоғистондаги илғор амалиётлар ва Ўзбекистон бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда гибрид моделни яратамиз. Маgnumнинг бизнес ёндашуви биз фаолият юритаётган ёки режалаштираётган барча бозорларга мос келади. Албатта, у маҳаллий хусусиятларга муайян даражада мослашувдан ўтади, лекин асосий пойдеворлигича қолади ва ўзгармайди. Маgnum қаердаки, очилса, у ерда доим адолатли нархлар, катта танлов ва ишончли хизмат ҳукмрон бўлади.

Биз учун ноодатий тенденция – бу Ўзбекистон пойтахтида йирик тармоқларнинг марказлашувидир. Ўзбекистон бўйлаб вилоятларда супермаркетларга талаб катта ва бозорни чуқурроқ ўрганганимизда бунга гувоҳ бўлдик. Замонавий чакана савдо бозорида кучли иштирокчилар мавжуд, аммо анъанавий чакана савдонинг улуши 90%ни сақлаб қолмоқда. Қозоғистонни эса 40%гача замонавий чакана савдо эгаллаб бўлган. Бироқ, Ўзбекистонда маҳаллий тармоқлар ўрта ва кичик шаҳарларни эгаллашга шошилмаяпти, ҳатто вилоят марказларида ҳам бўш жойлар кўп.

Қозоғистон ва Ўзбекистон бозорларида ўхшаш жиҳатлар талайгина. Мисол учун, ҳар икки мамлакат истеъмолчилари бозорга содиқликни сақлаб қолган ва ойлик йирик харид –  олдиндан тайёрланиладиган воқелик. Супермаркетларга оилавий борилади, бу бирдамликни таъминлайди. Ўзбекистонда бўлган вақтим пештахталарда импортнинг нисбатан камлигини пайқадим, у бу ерда анча қиммат.

– Мagnum Cash&Carry Ўзбекистонда нималарга эришмоқчи?

– Ҳозир бор эътиборимиз биринчи дўконни ишга тушириш тезлиги ва очилишга ҳозирлик ишларига қаратилган. Натижалар ҳақида ишга тушгач, бир ойча вақт ўтиб, сўнг гапиришимиз мумкин. Умуман олганда, биз мамлакатда чакана савдони ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини кўрмоқдамиз. Қувонарлиси, Ўзбекистон бозори бизни меҳмондўстлик билан қабул қилди, харидорлар эса Тошкентда Маgnumнинг очилишини интиқлик билан кутишяпти.

Узбекский ритейл” сайтининг ёзишича, Қозоғистон ритейлери Тошкентдаги биринчи Маgnum гипермаркетининг жойлашувини аниқлаштирган, унинг савдо майдони 5000 кв. метрдан ортиқ бўлади. Маgnum Cash&Carry Ўзбекистон бозорига 20 000 тагача ноёб товарлар ассортименти, илгари бозорда бўлмаган брендлар билан кириб бормоқчи ва  маҳсулотларнинг 30 фоизи Қозоғистон ишлаб чиқарувчиларининг товарлари бўлади.

Қозоғистон ритейлери Ўзбекистонда камида олтита дўкон очишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «дискаунтер» сегментида фаолият юритувчи Россиянинг бирданига иккита йирик чакана-савдо тармоғи – «Светофор» ва «Доброцен» ҳам Ўзбекистон бозорига киришга тайёрданмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Ўзбекистонда 2021 йилги картошка ҳосилининг деярли 75 фоизи деҳқон хўжаликларида етиштирилган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин