Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Тошкет – Москва йўналиши бўйлаб рефрижератор составларда тез ва мунтазам ташишга қаратилган “Агроэкспресс” лойиҳасини ишга туширмоқда.
Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи давомида Лойиҳанинг бориши, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва минтақалараро ҳамжиҳатликни фаоллаштириш бўйича Ҳукуматлараро комиссия қарорлари ижросини мониторинг қилиш масалалари муҳокама қилинди. Россия вакиллари билан Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков учрашувлар ўтказди, деб ёзади IA-centr.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама товар айланмаси пандемияга қарамасдан 2020 йилда 15,6 фоизга ўсди. Бу эса иқтисодий ҳамкорликнинг нақадар мустаҳкам ва самарали кечаётганидан далолат беради. Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида ўтган йилги шу даврга нисбатан 3,8 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Решетниковнинг маълум қилишича, “Агроэкспресс” лойиҳаси ўзининг якуний палласига кирган. Товарларнинг имкони борича тез ўтказилиши учун тартиб-таомиллар, шунингдек, темир йўлда ташиш учун махсус тариф шартлари ишлаб чиқилди. Ўзбекистондан Россияга янги пишган мева ва сабзавотларни илк бор пилот режимда етказиб бериш ноябрда амалга оширилади, декабрдан эса “Агроэкспресс” доимий асосда қатнай бошлайди.
Шунингдек ўқинг: Қозоғистон, Россия ва Беларусдан Хитой ҳамда Ўзбекистонга маҳсулот етказиш бериш учун «Агроэкспресс» лойиҳаси ишга туширилмоқда
Россиядан Ўзбекистонга эса айнан шу темир йўл составларида маҳаллий агросаноат комплекси маҳсулотлари етказиб берилади.
Ҳозирда Россия ва Ўзбекистоннинг тегишли идоралари узоқ муддатга мўлжалланган топшириқ ҳужжатларини ишлаб чиқмоқда. Савдо тўсиқлари, Россия маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб киришда олинадиган акцизлар, бир қатор объектларни қуриш каби масалалар шулар жумласидандир. Ҳозирга келиб кўплаб масалалар ўз ечимини топди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!