Бош саҳифаЯнгиликларНима учун Грузиядан киви асосан Япония ва Германияга экспорт қилинади? (видео)
Видео Долзарб Махсус Янгиликлар

Нима учун Грузиядан киви асосан Япония ва Германияга экспорт қилинади? (видео)

Киви дунёда мева-сабзавот савдосидаги энг харидоргир маҳсулотлардан бири бўлиб, дунёда унинг истеъмоли катта суръатлар билан ўсиб бормоқда. EastFruit маълумотларига кўра, сўнгги 5 йилда (2015-2019) кивининг дунё миқёсидаги савдоси йилига ўртача 7 фоизга ёки 217,9 миллион долларга ўсган. Шундай қилиб, дунё бўйича мева ва резаворлар савдосининг ўсиш суръати бўйича киви фақат голубика, авокадо, гилос, малина, дуриан ва мангодан кейинги ўринда турарди.

Қувонарлиси, минтақамиз фермерлари ҳам ушбу глобал жараёнга қўшилиб, киви етиштиришга фаол қизиқиш билдирмоқда. Ҳатто, аллақачон кивини фаол равишда экспорт қилаётган мамлакатлар ҳам бор ва улар дунёдаги энг юқори талаблар қўйиладиган мамлакатларда ҳам харидоргир бўлган ўзига хос экзотик меваларни етиштираяптилар!

Сарлавҳадан кўриниб турибдики, бугун биз, Грузия ва грузин кивиси ҳақида гаплашамиз. Грузия – киви нисбатан катта ҳажмларда ва тижорат мақсадларида етиштириладиган минтақадаги ягона давлатдир. Эътиборлиси, Ўзбекистонда ҳам илк киви боғлари пайдо бўлмоқда, ҳатто нисбатан совуқ Украинада ҳам киви етиштиришга киришганлар.

Грузияда киви яқин-яқиндан етиштирила бошланди, аммо аллақачон ушбу экинни парваришлаш бўйича 10 йилдан зиёд тажриба тўпланган. Грузия статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, сўнгги 5 йил ичида киви ишлаб чиқариш 50 фоизга ўсди ва 1,5 минг тоннага етди. Киви етиштириш учун энг яхши иқлим шароитлари Ғарбий Грузиянинг учта минтақаси – Самегрело, Гурия ва Aджарада мавжуд. Бироқ, иқлим ўзгариши туфайли кивини ҳатто мамлакатнинг шарқий қисмида ва одатда узумзорлари билан машҳур Кахетия каби минтақаларда ҳам эка бошладилар. Нега экмасинлар? Ахир, кивининг узум билан ўхшаш томонлари жуда кўп. Масалан, узум сингари киви ҳам сўритокларда ўстирилади. Кўп одамлар уйининг олдида киви гажакларидан чиройли яшил шийпончалар ясаб олади.

Грузияда киви фермерлар томонидан асосан кичик майдонларда етиштирилади – у ўртача бир гектардан кам ерга экилади. Грузин деҳқонлари ўз ҳосилини маҳаллий бозорда сотадилар, у ерда кивини истеъмолчилар ҳам, воситачилар ҳам, мева йиғувчилар ҳам сотиб олишади.

Грузиядаги кичик киви етиштирувчиларнинг асосий муаммоси ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва кивини сақлаш учун музлатгичлар ўрнатишга маблағ етишмаслигидир. Дарҳақиқат, ушбу мевалар айни пишиб етилган вақтда улар бозорда бирдан кўпайиб кетади ва табиийки, киви нархи кескин пасаяди.

Кичик фермерлар, шунингдек, бошқа мевалар ва резаворлардан фарқли ўлароқ, киви етиштириш давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган дастурларга тушмаслигидан шикоят қилмоқдалар. Хусусан, кивининг «Келажак учун мева эк» давлат дастурига киритилиши ушбу катта истиқболга эга соҳани ривожлантириш учун молиялаштиришни сезиларли даражада ошириши мумкин эди. Грузияда чиндан ҳам ноёб киви меваларини ўстириш мумкин ва биз буни қуйида исботлаб берамиз.

Грузия боғбонларининг яна бир муаммоси бор. У ҳам бўлса, Эрондан келтириладиган янги киви нархларининг ниҳоятда пастлиги. Грузия чегарасида Эрон кивисининг нархи 2018 йилдаги килосига 0,60 доллардан 2020 йилга келиб 0,40 долларга тушиб кетди, Эрондан киви импорти 2020 йилда минг тоннадан ошди. Бу Грузияга олиб келинадиган киви маҳсулотларининг 85 фоизи демак. Шу сабабли, бошқа даромадлироқ экинларни, масалан, худди шу иқлим шароитида голубика ёки Кавказ ёнғоғини етиштириш имконияти борлигини ҳисобга олган ҳолда, фермерлар киви етиштиришдан воз кечиб, ўз профилини ўзгартирган ҳолатлар мавжуд.

Грузиядаги кўплаб киви ишлаб чиқарувчиларга маслаҳатчи сифатида танилган агроном Aкаки Глонтининг айтишича, киви меваларига қараш у қадар қийин иш эмас. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар аллақачон ҳал қилган ягона муаммо бу баҳорги совуқлар. Кўчатни суғориш учун ҳам ишлатиладиган сўритоклар совуқ уриб гулларнинг тўкилиши хавфини ҳам бартараф қилади.

Киви илдизлари ва новдаларининг чириши сўнгги пайтларда кенг тарқалган янада жиддий муаммога айланди. Деҳқонларнинг таъкидлашича, бундай чириш кивига гўнг билан ўғит солинадиган биологик (органик) фермаларда тез-тез учрайди. Минерал ўғитлардан фойдаланилганда бу муаммо жуда кам кузатилади. Ушбу масала батафсил ўрганишни талаб қилади ва ваколатли органларга лаборатория тадқиқотларини ўтказиш, унинг сабаблари ва чиришга қарши курашиш усулларини аниқлаш тўғрисида сўров юборилган.

2018 йилда бир қанча грузин фермерлари Грузия киви етиштирувчилари ассоциациясига бирлашдилар, у ҳозирги кунда бутун мамлакат бўйлаб 114 фермерни ўз таркибига жамлаган. Ушбу фермерлар жами 70 гектарга яқин киви боғларига эга. Уюшма раҳбари Демур Пипиянинг сўзларига кўра, грузин кивиси ўзининг мазали таъми ва таркибида шакар миқдори юқори бўлганлиги сабабли жаҳон бозорларига чиқиш учун катта имкониятларга эга. Бироқ, Грузия етарли ҳажмларда сифатли киви ишлаб чиқариши учун фермерлар киви етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг замонавий технологиялари тўғрисида зарур билимларга эга бўлиши керак. «Бундан ўн йил аввал ҳам фермерлар Грузияда кивини саноат усулида усулида етиштиришга қизиқиш билдиришмас эди, шунинг учун улар юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун етарли билим ва тажрибага эга эмаслар», – дейди Демур.

Бугунги кунда ассоциация аъзолари ҳосилнинг бир қисмини маҳаллий қишлоқ хўжалиги бозорларида сотмоқдалар ва қолган қисмини улардан “Нергета” компанияси сотиб олиб, маҳаллий чакана савдо тармоқлари учун кивини навларга ажратади ва алоҳида бренд остида етказиб беради. “Нергета” – Самегрело минтақасида (Ғарбий Грузия) қарийб 30 гектар киви боғларига эга бўлган Грузиянинг энг йирик киви ишлаб чиқарувчилардан биридир. Бу компанияга экспорт бозорлари бўлмиш Европа Иттифоқи ва ҳаттоки Японияга етказиб берадиган даражадаги ҳажмлар ва сифатни кафолатлашга имкон беради. Европада “Негрета” кивилари Германиянинг Lidl супермаркетлар тармоғида сотилади.

Бундан ташқари, Япония Грузия кивиси учун асосий савдо бозоридир – 2016 йилдан буён Грузия киви экспортининг қарийб 70 фоизи Японияга тўғри келди, бу грузин кивисининг ўзига хос ноёб хусусиятларининг ёрқин тасдиғидир. Чунки, Япония бозорга етказиб бериладиган маҳсулотлар учун энг юқори сифат ва хавфсизлик талабларини қўювчи мамлакатдир. Бундан ташқари, япон истеъмолчилар хуштаъм мевалар учун кўпроқ тўлашга тайёр. Айни пайтда, Япония кивини энг кўп импорт қилувчи дунёдаги иккинчи мамлакат ҳисобланади, шу боисдан Грузия экспортёрлари бу жиҳатдан ҳам экспорт йўналишларини тўғри белгилашган. Дарҳақиқат, Грузия мевалари учун анъанавий бозор бўлган Россияда киви импорти, жаҳон тенденцияларга зид равишда, аксинча, тушиб бормоқда.

Демур Пипиянинг фикрича, «Нергета» компанияси билан ҳамкорлик Грузияда киви етиштириш соҳасини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Ҳамкорлик нафақат меваларни сотиш, балки маҳаллий боғбонларни маҳсулот сифатини яхшилаш мақсадида ўқитишни ҳам назарда тутади.

2021 йил март ойида Тбилисидаги улгуржи бозорда кивининг ўртача кичик улгуржи нархи 2020 йилда бўлгани каби ҳар 1 кг учун 4 ларини (1,33 доллар) ташкил этди. Aммо воситачилар фермердан кивининг килосини 2 ларидан (0,65 доллар) сотиб олдилар.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, минтақада киви мевасига қизиқиш нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки истеъмолчилар орасида ҳам ортиб бормоқда. Бу шуни англатадики, кивининг маҳаллий бозори ҳам жозибадор бўлиб бормоқда.

Биз ҳатто Тожикистонда ҳам кивини хуш кўришлари ҳақида ёзган эдик. Графикда кўриб турганингиздек, Грузияга қўшни Aрманистон ҳам киви импортини фаол равишда кўпайтирмоқда. EastFruit ҳисоб-китобларига кўра, Украинада киви импорти Ўзбекистонга қараганда секинроқ ўсмоқда, аммо бу ерда сотув ҳажмлари анча катта. Ҳар йили Украинага 17 минг тоннадан ортиқ ушбу мевалар импорт қилинади. Ўзбекистонда ҳам киви импорти шиддат билан ўсиб бормоқда – умуман, бу кўрсаткичга кўра мамлакат дунёда етакчи ўринни эгаллайди, бироқ бу ердаги сотув ҳажми жуда оз.

Шундай қилиб, минтақамиздаги хонадонларда одатий ҳолга айланиб бораётган ушбу экзотик киви меваларини етиштириш ва экспорт қилишни ривожлантириш учун Грузияда барча имкониятлар мавжуд.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин