Бош саҳифаЯнгиликларКартошка экспорти таъқиқлангани туфайли Қозоғистон экспортёрлари кўрган зарар юзлаб миллион тенгега етиши мумкин
Долзарб Махсус Янгиликлар

Картошка экспорти таъқиқлангани туфайли Қозоғистон экспортёрлари кўрган зарар юзлаб миллион тенгега етиши мумкин

Қозоғистон тадбиркорлари картошка экспортига қўйилган таъқиқ туфайли кўрилган зарар миқдорини ҳисоблашмоқда. Гарчи, бу таъқиқ узоққа чўзилмаган ва мамлакат ҳукумати мазкур қарорни бекор қилиб, уни экспорт квотаси жорий этилиши билан алмаштирган бўлса-да, моддий йўқотишлар миқдори катта бўлди, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 22 январидан эътиборан, Қозоғистонда картошка ва сабзи экспортига уч ойлик таъқиқ жорий қилинган эди.  Мамлакат ҳукумати баҳорда ушбу турдаги маҳсулотлар танқислиги ва уларнинг нархлари ошишидан хавотирланиб, шундай қарорга келган.  Бироқ, маҳаллий фермерлар идоралараро комиссияни белгиланган квота доирасида экспортга йўл очиш лозимлигига ишонтира олди.

Аммо экспорт таъқиқи бошланишидан аввал вагонларга ортилган 2000 тоннадан ортиқ картошка Қозоғистондан чиқиб кетаётганда  Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида – Сариоғаш станциясидаги божхона постида туриб қолди. Картошка юкланган вагонлар икки ҳафтага яқин тургани боис, ушбу маҳсулотнинг ҳаммаси музлаб қолиб, истеъмолга деярли яроқсиз ҳолга келган. Экспортёрларнинг фикрича, яқин кунларда об-ҳаво исиб кетса, вагонлардаги картошка шунчаки чириб битади.

Қозоғистоннинг Otyrar.kz нашри хабарига кўра, 2000 тоннадан ортиқ картошка юкланган 35 та темир йўл вагони, мана, иккинчи ҳафтадирки, Сариоғаш станциясидаги (Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида) божхона постида турибди. Мазкур картошка ҳосили Павлодардан (Қозоғистоннинг шимоли-шарқидаги ҳудуд) келтирилган эди.

Тадбиркорлар картошка тўлдирилган вагонларни ҳадик билан очишмоқда, кунлар сари яроқсиз ҳолга келаётган ушбу товарнинг ҳеч бўлмаса бир қисми бузилмагандир, деган умид бор, кўпчиликда: “Барча картошка музлаб қолган. У энди деярли яроқсиз. Бир-икки кундан кейин ҳаво исиб кетса, шунчаки чириб битади«, дейди тадбиркор Нургали Ўрмонов.

Шунингдек ўқинг: Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида картошка нархи 2021 йил давомида қай тариқа ўзгарди?

Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, тўлиқ рухсатномалар билан биринчи вагонлар бу ерга 2022 йилнинг 15 январида келган, бироқ товар чегарадан ўтказилмаган.

«Бизда муҳр босилган декларация ҳам, фитосанитария сертификатлари ҳам бор – товарни чиқаришга рухсат берилган. Улар бизга Павлодарда картошкани вагонларга юклашдан аввал берилган”, дейди Нурсултон Айдарбеков.

Биринчи вагонларим 15 январь куни етиб келди (божхона постига).  Экспорт бўйича таъқиқ эса 22 январдан кучга кириши керак эди. Картошка ортилган жами 35 та вагон олти нафар тадбиркорга тегишли. Ҳозир шахсан менда 30 та вагон бор. Бизнинг товаримизни шу ерда ушлаб қолишди. Ваҳоланки, Ўзбекистонга бир неча вагон картошка жўнатилганига гувоҳ бўлдик«, дейди тадбиркор Жанболат Алтаев.

Битта вагондаги картошканинг умумий қиймати 12 миллион тенге (27,6 минг доллар)га тенг.   Қозоғистондаги тадбиркорлар ўзбекистонлик ҳамкорларидан қисман тўлов олиб бўлган.  Чегарада туриб қолган картошканинг бутун партияси яроқсиз ҳолга келса, қозоғистонлик экспортёрларнинг зарари жами 420 миллион тенгени (967,2 минг доллар), яъни деярли 1 миллион АҚШ долларига яқин суммани ташкил қилади. Шу муносабат билан тадбиркорларда савол туғилмоқда – бу зарарни ким қоплайди?

EastFruit экспертлари бир неча бор таъкидлаганидек, картошка сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон мева-сабзавот секторининг асосий импорт позициясига айланди. 2016 йилга қадар картошка импортининг йиллик ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йилда ушбу маҳсулот импорти 194 минг тоннани ташкил этган. 2017-2021 йилларда эса импорт ҳажми қарийб 3 баробар ошди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда мамлакатга 560 минг тонна картошка импорт қилинган. Бу 2020 йилга нисбатан 109,1 минг тоннага кўпдир. Шу билан бирга, Қозоғистон 2021 йилда ушбу маҳсулотнинг энг йирик етказиб берувчисига айланди. 2021 йилда импортнинг умумий ҳажми Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи асосий давлатлар ўртасида қуйидагича тақсимланди:

Қозоғистон – 196 минг тонна;

Покистон – 161 минг тонна;

Эрон – 141 минг тонна;

Қирғизистон – 35 минг тонна;

Нидерландия – 11 минг тонна;

Россия – 4,8 минг тонна;

Бошқа мамлакатлар – 11,2 минг тонна.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Ўзбекистонда 2021 йилги картошка ҳосилининг деярли 75 фоизи деҳқон хўжаликларида етиштирилган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин