Бош саҳифаЯнгиликларИлк ўзбек гилоси савдога чиқди, аммо нархи ўтган йилларга нисбатан уч баравар қиммат
Долзарб Махсус Янгиликлар

Илк ўзбек гилоси савдога чиқди, аммо нархи ўтган йилларга нисбатан уч баравар қиммат

Ўзбекистон супермаркетларида 2021 йилнинг янги ҳосили ҳисобланмиш дастлабки гилос ўтган йилдагига қараганда қарийб бир ҳафта аввал пайдо бўлди. Албатта,  бу мева дарахти эрта гуллашига сабаб бўлган февраль ойидаги иссиқ ҳаво билан боғлиқ. Аммо кейинроқ юз берган қаттиқ совуқ туфайли ҳосилнинг катта қисми нобуд бўлди.

«Makro» супермаркетлар  тармоғи магазинларида мавсумнинг бу янгилиги 19999 сўм (100 грамм)дан  сотилмоқда, яъни, меванинг  килограмми – 199 990 сўм… Ўзбекистонда илк гилосларни боғламда сотиш анъанаси бор. Бироқ, бу  мавсумда, чамаси, «Makro» тармоғи янгиликни бошқачароқ шаклда тақдим этишга қарор қилган.

Ўтган йили янги ҳосил гилоси «Makro» супермаркетларида одатдаги вақтда савдога чиққан эди. EastFruit бу ҳақда 2020 йилнинг 21 апрелида ёзган. Уни анъаналарга риоя этган ҳолда боғламда сотишган. Агар ҳар бир боғламда 25 дона атрофида мева борлигини, боғламдаги меванинг ўртача оғирлиги 200-250 грамм экани, бир боғлам нархи 14,990 сўм бўлишини ҳисобга олсак, маҳсулотнинг бир килограмми 6-7 АҚШ долларига тўғри келганини кўрамиз.

Бу йилги илк гилослар  ўтган йил билан таққослаганда тахминан уч баравар (!) қиммат ($19,05, ўтган йили $6-7) экани ажабланарли ҳол эмас. Жорий мавсум гилосини ўтган йилгиси билан таққослагандаги қимматлашувнинг асосий сабаби, февраль ойи охири ва март ўрталаридаги совуқлар оқибати бўлди. EastFruit таҳлилчиларининг баҳосига кўра, жорий йилда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида 30-50%, Тошкент вилоятида 90%гача гилос ҳосили нобуд бўлган. Фарғона водийсида вазият  анча яхши кўринади, водийда бу кўрсаткич 5% дан 30%гачани ташкил этди. Бироқ, бой берилган ҳосилнинг асосий қисми гилоснинг айни эртапишар навларига тўғри келади, улар совуқ бошлангунга қадар гуллаб бўлган эди.

Нобудгарчиликлар ҳисобга олинса, бу мавсумда гилоснинг, башорат қилганимиздек, анча қиммат бўлиши эҳтимоли юқори.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда гилосни оммавий йиғиб-териб олиш ва экспорт қилиш тахминан  10 майларда бошланиб,  июнь ойи ўрталарига қадар давом этади. Эртапишар гилос навларининг биринчи туркуми об-ҳаво шароитларидан келиб чиққан ҳолда апрелнинг охири ёки майнинг биринчи ўн кунлигида экспорт қилинади.

Ўзбекистон учун гилос экспортининг асосий бозори Россия ва Қозоғистон  ҳисобланади. Охирги йилларда Ўзбекистон гилоси Хитой ва Жанубий Кореяга ҳам тобора кўпроқ етказиб берилди. Аммо, ўзбек экспортчиларига етказиб бериш ҳажмини ошириш учун  муҳим бўлган жиҳатлар, яъни  маҳсулот сифатини, совутилишини таъминлаш, бир ўлчамга келтириш ва идишларга жойлаштириш кабилар мураккаб кечди. Хитой бозорига экспорт қилиш учун тўғри келадиган йирик гилосни қандай  етиштириш ҳақида биз мана бу материалда ёзган эдик (бу ерда видео-тақдимотни кўриш мумкин).

Шу билан бирга, гилос охирги йилларнинг анча “тренд” мевалари сирасига киришини ҳам таъкидлаш жоиз. Жаҳонда ушбу мевага талаб юқори суръатлар билан ошиб бормоқда ва ишлаб чиқариш ўсишини ортда қолдирмоқда. Шунинг учун жаҳон бўйича нархлар ҳам ўсиб боряпти. Бунга Хитой гилос феномени қисман айбдор. Бу ҳақда мана бу ерда ўқиш мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин