EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, 2021 йилда Хитойдан грек ёнғоғи экспорти, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймат жиҳатидан 60 фоизга ошган ва бу ҳолат календарь йилининг биринчи ярмида ёнғоқнинг рекорд даражадаги паст нархлари фонидадир. Эътиборлиси, асосий импортёрлар орасида бир вақтнинг ўзида бир нечта постсовет мамлакати қайд этилди.
Қизиғи шундаки, Хитой 2021 йилда пўстлоқли ёнғоқ ва ёнғоқ мағзи экспорти рекордларини янгилади. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бир йил давомида мағиз экспорти икки баробар ошиб, 45-47 минг тоннага, пўстлоқли ёнғоқ экспорти ҳажми эса тахминан бир ярим баробар ошиб, 110-115 минг тоннага етди.
Хитой 2021 йилда ёнғоқ экспортидан жами 420 миллион долларга яқин даромад олди, бу ҳам янги рекорд бўлди. Шундай қилиб, 2021 йил охирида Хитой ёнғоқ экспортёрларининг жаҳон рейтингида учинчи ўринга кўтарилиши (Чилини четлаб ўтиб), ҳали ҳам курашаётган, аммо бешинчи ўринни эгаллаб турган Украина билан эса тафовутни ошириши мумкин. Шу билан бирга, Украина жаҳондаги паст нархлар ва Туркия бозорига кириш режимининг ўзгариши сабабли, ёнғоқ экспорти билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечиришда давом этди (Украина ёнғоқ мавсуми натижалари ҳақидаги батафсил маълумотни бу ерда ўқинг).
Дарвоқе, шуниси қизиқки, Хитой ёнғоғининг олтита энг йирик харидорлари орасида бир вақтнинг ўзида учта постсовет мамлакати бор: Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия. Шу билан бирга, 2021 йилда Хитойдан Россияга грек ёнғоғининг экспорти бир ярим баробардан кўпроққа ошган.
Бироқ, кутилмаганда БАА 2021 йилда ёнғоқнинг асосий харидорига айланди ва ушбу давлат импортни йилига 3,5 баробарга оширди. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Қозоғистон ва Қирғизистон эгаллади.
Дарвоқе, Украинадан ёнғоқ импортини кескин камайтирган Туркия Украина ёнғоғини Хитойники билан алмаштирган кўринади. 2021 йил охирида Хитойдан Туркияга ёнғоқ экспорти 2,2 баробар ошди ва Туркия Хитой учун ёнғоқнинг ушбу тури бўйича энг муҳим бозорлар рейтингида тўртинчи ўринни эгаллади.
Украина ва Молдовадаги ёнғоқ экспортёрлари учун биз Хитой ёнғоғининг яна учта энг тез ривожланаётган бозорини қайд этамиз: Ироқ, Вьетнам ва Саудия Арабистони. Бу давлатлар бир йил ичида Хитой ёнғоғини сотиб олишни икки баробардан зиёдга оширди.
Эслатиб ўтамиз, Украина, Молдова, Россия, Ўзбекистон, Грузия ва минтақанинг бошқа давлатларидан ёнғоқнинг энг йирик етказиб берувчилари ва харидорларини Telegram базасидаги EF Trade савдо майдончасидан топиш мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!