Бош саҳифаЯнгиликларЭкзотик азимина – уни тижорий етиштириш истиқболлари қандай?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Экзотик азимина – уни тижорий етиштириш истиқболлари қандай?

Банан дарахти, пао-пао, шимолий ёки тоғ банани… Мевалари четдан қараганда машҳур папайяга ўхшайдиган азиминани айнан шундай аташади.

Ҳаваскор боғбонлар жамоаларида азиминани нафақат мазали парҳез маҳсулоти сифатида, балки кўплаб доривор хусусиятларга эгалиги учун ҳам мақташади.

EastFruit журналистлари ҳозирда дунё миқёсида талаб шаклланмаган ушбу экинни ўргандилар. Азиминани тижорий мақсадларда етиштириш қанчалик истиқболга эга, бозорнинг қайси сегменти унга қизиқади, шунингдек, ушбу экинни Украинада етиштиришнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида ушбу материалимизда ҳикоя қиламиз.

Азиминага зараркунандалар деярли зиён етказа олмайди

Азиминанинг ватани Шимолий Америка ҳисобланади. Бу ерда ушбу ўсимлик 100 йилдан зиёд вақт аввал маданийлаштирилган. Кейинчалик Испания, Италия, Португалия, Франция, Япония ва бошқа мамлакатларда азимина етиштириш билан шуғуллана бошлашганлар. Шарқий Европа бозорида АҚШ, Италия ва Испанияда ундирилган кўчатларнинг кўплиги шу билан изоҳланади.

Бугунги кунда дунёда совуққа чидамлилиги, етилиш муддатлари, уруғ катталиги билан фарқланувчи азиминанинг 70 га яқин нави бор. Улардан АҚШ селекционерлари томонидан яратилган қуйидаги энг машҳур навларни келтириб ўтиш мумкин: Lehman’s Delight, Jerry’s Big Girl, Maria’s Joy, Shenandoah, Summer Delight,  Kentucky Champion, Al Hor.

Ўсимлик иссиқни севади ва субтропик кенгликларнинг вакили ҳисобланади. Шунга қарамай у ҳаво ҳароратининг қисқа муддатга –30 – 35°га пасайиб кетишига бардош бера олади. Кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари туфайли азиминани Украинада ва ҳатто Россиянинг ўрта кенгликларида етиштира бошлашгани шу билан изоҳланади.

Азимина – четдан чанглатилувчи ўсимлик бўлиб, барглари тўкилгунга қадар 3 ҳафта давомида (апрель – май) гуллайди. Гулларининг ўзига хос жиҳати – алоҳида ажралиб турувчи чиринди ҳид бўлиб, у чанглатиш учун ҳашаротларни ўзига жалб этади.

Боғбонларнинг қайд этишича, азимина бошқа мевали ва реза мевали дарахтларга нисбатан анча катта устунликка эга – у касалликлар ва зараркунандалардан деярли азият чекмайди. Азиминанинг мева тугиши кўчат экилганидан сўнг 3–4 йил, уруғдан ундириб чиқарилганда 5–6 йил ўтгач юз беради. Мевалар нотекис етилади, пишгач эса осон узилади ва ерга тушади. Одатда бу сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади ва мева терими бир ойга яқин давом этади.

Азимина ўстиришдан аввал шуни эътиборда тутиш керакки, ушбу ўсимлик кам шўрланган ёки нейтрал, унумдор, аэро ҳолати яхши бўлган, нам туриб қолмаган тупроқни яхши кўради. Экишдан олдин кўчат ўтқазиладиган ғовак тубида қум ва шағалдан дренаж қатлам ҳосил қилинса, у зичроқ тупроқларда ҳам ўсиши мумкин.

Азиминани комплекс минерал ўғитлар билан мунтазам равишда (ёз пайтида эса ҳар ҳафта) ўғитлаш ҳамда ўз вақтида суғориш дарахтнинг яхши шаклланиши ва ўсишига ёрдам беради. Бунда, ҳосил териб олиш мавсуми – кузга яқин дарахт совуқ тушгунига қадар мустаҳкамланиб олиши учун суғоришлар камайтирилади, ўғитлаш тўхтатилади.

Экиш учун иссиқ, шамолдан ҳимояланган жойни танлаган маъқул. Ёш азимина кўчатлари (3 ёшгача бўлганлар)га тўғридан-тўғри қуёш нурлари кучли таъсир кўрсатиб, зарар етказиши мумкин, аммо сояда улар ўзини жуда яхши ҳис қилади. Катта дарахтларда ёритишнинг етарли даражада бўлиши ҳосилдорликка таъсир қилади. Сояда қолиб кетган дарахтларда мева тугиш кўрсаткичлари пастроқ бўлади.

Кўчатлар сотиб олишга қанча инвестиция талаб этилади?

Украинада ушбу ўсимлик кўчатларини асосан савдо майдончалари сайтларида кичик боғ хўжаликлари учун 300-1800 грн ($11,25-64,47) оралиғида таклиф қилишмоқда. Нархлар турли питомникларда экин нави, шунингдек, кўчат пайвандланганми ёки йўқлигига қараб фарқланади. Россиянинг боғбонларга мўлжалланган онлайн савдо майдончаларида ҳам кўчат материаллари тахминан шу нархларда сотилмоқда.

“Азимина – четдан чанглатиладиган экин. Ўз дарахтидан чангланадиган навлар ва экин шакллари ҳам мавжуд. Бироқ бунда мева ўлчами кичик бўлади, умумий ҳосил эса генетик бошқа ўсимликдан чангланган дарахтдан кўра камроқ чиқади. Сифатсиз чанглатиш натижасида мевалар тўкилиб кетади ёки нотўғри шаклланади. Уруғ ичидаги жонли муртак меванинг ривожланишини таъминлайди. Уруғ бўлмаса, новдалар узилиб тушади”, дейди украиналик боғбон Василий Микитась.

Тайёр пайвандланган кўчат сотиб олиш – энг яхши вариант. Уларнинг нархи анчагина баланд ва шу боисдан 1-2 йиллик кўчатларни сотиб олиб, 2-3 йил ўтгач яхши нав билан пайвандлаш мумкин.

“Бундан ташқари, уруғ олиб туриб, ундан кўчат ундиришга уриниб кўриш ҳам мумкин. Шу тариқа сиз маблағни тежайсиз”, дея қайд этади боғбон Владимир Лесив.

“Илк (сигнал) мева беришни тезлаштириш учун сув юриши даврининг бошида, иложи бўлса баҳорда азимина уруғидан кўкартирилган кўчатнинг қаламчасини кесиб, бошқа кўчатга пайвандлаш керак. Пайвандланган шоҳларда гул куртаклари анча эрта шаклланади, мева тугиш пайвандтагга асло таъсир қилмайди. Аммо боғбон кўкариб чиққан кўчатнинг салоҳияти тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлади”, деб маслаҳат берди Василий Микитась.

Азимина пазандачилик, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади

Азимина жуда яхши даволаш хусусиятларига эга. Масалан, ушбу ўсимлик дони таркибида алканоидлар бўлиб, ундан тайёрланган дамламадан заҳарланишга қарши ишончли восита сифатида фойдаланиш мумкин.

Мевалари таркиби фруктоза ва сахароза, аминокислоталар, витаминлар (айниқса А ва С), калий, кальций, фосфор, темир, магний моддаларига жуда бой. Уларни мунтазам истеъмол қилиш организмдан турли шлаклар ва токсинларнинг чиқиб кетишига ёрдам беради, ошқозон-ичак йўлининг функциясини қайта тиклайди ва ёшартирувчи таъсир кўрсатади.

Фармацевтикада азиминадан тайёрланган дори воситалари шамоллашга ва ўсмаларга қарши таъсирга эга восита сифатида ном қозонган. Унинг экстракти иммун тизими ҳолатини яхшилаш, ҳимоя хусусиятларини ошириш ва стресслар асоратларини камайтириш, асаб тизими бузилишлари, психозларни бартараф этишда қўлланилади. Азимина меваларининг яхши косметологик хусусиятларга эга эканлиги ҳам аниқланган.

У алоҳида таом сифатида ҳам истеъмол қилинади. Бунинг учун пичоқ ёрдамида пўстлоқни ва уруғларни олиб ташлаш керак.

Азимина қуйқаси реза мевалар, мевалар, гўшт, ёнғоқлар билан аралаштирилганда яхши таъм ҳосил қилади. Йогурт билан қўшилганда у парҳез нонушта учун жуда яхши мос тушади. Бундан ташқари, пазандачиликда азиминадан смузи, коктейллар, десертлар, пишириқлар, музқаймоқ, соус, крем ва мураббо тайёрлашда фойдаланилади.

Шу билан бирга, қайд этиб ўтмоқчимизки, азимина ўсимлиги дунё миқёсида кенг тарқалмаганлиги боис, унинг бозори мавжуд эмас – асосан, ҳаваскор боғбонлар уни етиштириш билан шуғулланади. Ҳатто АҚШда ҳам азимина кенг тарқалган ва тижорат мақсадларида етиштириладиган экинга айланмаган. Бироқ, АҚШ, Италия ва Австралияда охирги 15-20 йил ичида ушбу ўсимликни ўрганиш ва унинг генофондини яратиш устида катта ишлар олиб борилди.

Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, агар навлар тўғри танланса, етиштириш технологияларига амал қилинса ҳамда бозорга олиб киришда мукаммал маркетинг тадбирлари амалга оширилса, азимина етиштириш боғбонларга жуда катта даромад келтириши мумкин. Айни дамда эса азимина хобби ўсимликдир. Бироқ савдо майдончаларида ва ҳаваскор боғбонлар орасида унга талаб мавжуд бўлиб, азимина меваларини Украинада 1000 грн/кг ($37,49)дан сотиш мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Сабзавот ҳосилини йиғиш ва қайта ишлаш тезлиги ҳамда аниқлигини таъминловчи роботлаштирилган тизим (видео)

EastFruit

АҚШ компанияси Қозоғистон агромаҳсулотларини чуқур қайта ишлаш корхоналарига 100 миллион доллар сармоя киритишга тайёр

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин