Мана бир йилдан ошдики, ушбу лойиҳада савдо гуруҳлари таҳлил қилинади, минтақа мамлакатлари бозоридаги жараёнлар ҳақида огоҳлантирилади. Қуйида савдо майдончасидаги ўзгаришлар таҳлилини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Йил давомида энг йирик мева-сабзавот савдо гуруҳи аудиторияси икки баравар кўпайиб, иштирокчилар сони 16 000 нафардан ошиб кетди. Бу вақт ичида майдончада дунёнинг 49 мамлакати вакиллари сотиб олиш-сотиш тўғрисидаги ўз таклифларини жойлаштирдилар. 200 000 дан зиёд товарлар таклифлари эълон қилинди.
Фойдаланувчиларнинг эълонларини мамлакатлар кесимида таҳлил қилсак, Россия, Миср, Туркия ва Қирғизистон мамлакатларидан иштирокчилар фаоллашганини кўришимиз мумкин. Айни пайтда, Ўзбекистон, Греция ва Беларусь фойдаланувчилари фаоллиги пасайган. Ўзбекистон вакилларининг фаоллиги пасайиши ҳақида гапирганда, совуқ уриши натижасида ўрик, гилос, шафтоли, нектарин ва олхўри сингари данакли мева ҳосилларининг йўқотилиши билан изоҳланади. Бу ҳақда EastFruit мартдаёқ прогноз қилган эди.
Товарлар ассортиментида ҳам ўтган йилга қараганда анча ўзгаришлар юз берган. Улардан асосийларини айтиб ўтамиз:
– бир йил аввал 2020 йил май ойи охирида савдо майдончасида эски ҳосилидан қолган картошка, сабзи ва лавлаги фаол сотилган, бугун эса бундай позициялар деярли йўқ;
– бироқ сабзи маҳсулотлари бўйича таклифлар Марказий Осиёдан етказиб берилган эрта ҳосил туфайли кўпайиб кетган, картошка ва лавлаги эса аксинча, энг кўп миқдорда камайган сабзавотлар бўлди;
– ўтган йил май ойи охирида Пекин карами бўйича таклифлар гуруҳда помидор ва бодрингни ортда қолдирган бўлса, бу йил 3 баравар камайиб кетди;
– помидор, бодринг ва булғор қалампир таклифлари 2021 йилда ўтган йилга нисбатан анча кўп;
– ўтган йилга нисбатан ўрик маҳсулоти бир мунча камайган. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки Ўзбекистонда ҳосилнинг катта қисми йўқотилган ва бу мамлакат ўрикни деярли экспортга чиқармаяпти, ҳатто ушбу мева Ўзбекистонга импорт қилинмоқда. Айнан шу сабабли гилос маҳсулотлари бўйича таклифлар ҳам камайиб кетган;
– боғ қулупнайи бўйича таклифлар бу йил мавсумнинг кечикишига қарамасдан анча кўпайган. Бу эса қулупнай етиштириш ҳажмлари, айниқса Украинада ошганини яна бир бор тасдиқлайди.
– кўплаб мамлакатларда олма ҳосили тушиб кетгани тўғрисидаги хабарларга қарамай – дарвоқе, EastFruit таҳлилчилари бу фикрга қўшилмагандилар, – май ойи ҳолатига олма таклифлари 2020 йил май ойидагига нисбатан анча кўп;
– тарвуз савдолари ҳам 2021 йил май ойи охирига нисбатан ўтган йили фаол бўлган эди.
EastFruit Trade Platform савдо гуруҳларидаги нархлар – Россия
Россияда ўтган йил ҳосилидан қолган картошка, сабзи, пиёз ва, айниқса, лавлаги бир йил олдингидан анча қиммат сотилмоқда. Бунга сабаб ушбу маҳсулотлар бўйича таклифларнинг камайганидир. Айни пайтда янги картошка ва пиёз ўтган йилгидан кўра арзон нархда таклиф қилинмоқда. Янги чиққан карам эса 2021 йил май ойи сўнгида ўтган йилнинг шу даврига қараганда қиммат кетмоқда. Помидор ва бодрингнинг сотув нархлари кўтарилган. Хитой карами, таклиф кам бўлганлиги сабабли, қиммат сотиляпти. Қиммат бўлиб ҳам 2020 йилдагига қараганда 7 баравар қиммат!
Мева-резаворлар сегментида бу йил қулупнай, апельсин ва олма арзонлашган. Олма бўйича таклифлар ўтган йил майдагига қараганда кўпроқ миқдорда таклиф қилинмоқда. Шу боис нархлар бир мунча тушиб кетган. Яна шуни ҳам қайд этиш керакки, 2020 йил май ойи охирида Россиядаги савдогарлар гилос, ўрик ва шафтоли нархларини эълон қилиб бўлишганди. Аммо 2021 йилда мавсум кеч бошланиши кутиляпти, таклифлар ҳам деярли йўқ. Келажакдаги мева ҳосили учун харидор излаётган деҳқонлар эса ўз маҳсулотларига нарх қўйишга ҳали тайёр эмас.
EastFruit Trade Platform савдо гуруҳларидаги нархлар – Украина
Украинада бу йил карам ва сабзи қимматлашди. Пиёзни ўтган йилгидан арзонроқ сотиб олиш мумкин. Янги картошка ҳам 2020 йил май ойидагига қараганда бир мунча арзонроқ сотиляпти.
EastFruit Trade Platform савдо гуруҳларидаги нархлар – Ўзбекистон
Ўзбекистонда ўтган йилгига солиштирганда деярли барча сабзавот ва мевалар нархи ўсган. Ўрик нархлари анча баланд. Бу тушунарли. Айнан Ўзбекистонда ўрик ҳосили совуқ уришдан жуда катта йўқотишларга дучор бўлди. Қизиғи шундаки, савдо майдонида ўзбек гилоси ўтган йилдагига қараганда арзонроқ нархда таклиф қилинмоқда. Бироқ бу алдамчи таассурот, чунки бу йил гилоснинг сифати билан жиддий муаммолар мавжуд, умуман, таклифлар ҳам кескин пасайган. Асосан экспортга йўналтириладиган 26+ калибрли йирик гилос эса сотувда деярли йўқ. Платформадаги ўтган йилги нархлар кўпроқ йирик ва қиммат гилос асосида шаклланарди. Яна шуниси эътиборга моликки, ўтган йили шу вақтда тарвузлар фаол сотилганди, шунингдек, илк олхўри мевалари ҳам бозорга чиқарила бошланганди. Бироқ 2021 йил май охирида Ўзбекистондан бундай маҳсулотлар таклифлари анча кам.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!