Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон гилос бозори ва Хитой гилоси феномени
Долзарб Махсус Янгиликлар

Жаҳон гилос бозори ва Хитой гилоси феномени

Бугунги кунда жаҳон миқёсида данакли мевалар савдосининг 46 фоизга яқини гилос ҳиссасига тўғри келади, аммо тоннада унинг улуши жуда кам – атиги 19 фоиз.

Ҳар йили гилоснинг жаҳон миқёсидаги экспорти 363,27 минг долларга ўсиб, бошқа данакли мевалар – шафтоли, олхўри, ўрик ва олча савдоси кўрсаткичларини сезиларли даражада ортда қолдирмоқда. Бунда гилос юқорида санаб ўтилган бошқа данакли меваларга нисбатан ўртача 3-4 баравар қимматроқ эканини ҳам унутмаслик керак!

Дарҳақиқат, гилос данакли меваларни сотишдан тушадиган маблағнинг тобора кўпроқ қисмини «тортиб олмоқда». Гилос феномени қандай юз берди? Нима учун у жаҳон бозорида бу қадар муваффақиятли сотилмоқда? Гилосга глобал талаб ўсишининг сабаби нимада? Нима учун жаҳонда гилос етиштириш ҳажми ўсишига қарамай, унинг нархи бошқа данакли меваларга қараганда тезроқ ошяпти?

Шу ва бошқа саволларга жавобларни БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак мева-сабзавотларни экспортга олиб чиқиш ва қадоқлашни самарали ташкил этиш бўйича виртуал тренинг пайтида сўзлаб берди. Тадбир USAIDнинг Рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини яратиш (CTJ) лойиҳаси томонидан ташкил этилди.

«Аввало, гилос истеъмолчилар учун кўплаб бошқа меваларга қараганда қулайроқ мева. Гилос тобора оммалашиб бораётганининг иккинчи муҳим омили – янги йил байрамларида гилос етказиб бериш имкониятига эга бўлган Жанубий Ярим шар мамлакатларида ушбу меванинг етиштирилишидир. Шимолий Ярим шар аҳолиси эса байрам столи учун пул тежашни ёқтирмайди ва минтақанинг совуқ қишларида экзотик қимматбаҳо меваларни сотиб олади. Учинчи омил шундаки, гилос универсал таъмга эга бўлиб, у, масалан, олхўри ёки шафтоли, ҳатто ўрикдан фарқли ўлароқ истеъмолчиларнинг мутлақ кўпчилигига ёқади. Шахсан мен гилоснинг таъмини ёқтирмайдиган бирор кишини учратмаганман», – дейди Андрей Ярмак.

Яна ўқинг: Гилос Хитой интернетини портлатишда давом этади. Чили ўз маҳсулотларини чет элда қандай тарғиб қилмоқда?

У гилоснинг жаҳон миқёсидаги муваффақияти билан боғлиқ бошқа муҳим омилларни ҳам қайд этди. Бу ўстириш технологияларининг такомиллашуви ва меванинг ҳажмини оширишга имкон берадиган селекция жараёнларининг жадаллашувидир. 30+ ва ҳаттоки 32+ калибрли гилос ҳозир жаҳоннинг кўплаб минтақаларида деярли стандартга айланиб улгурган.

Худди шу омиллар гилоснинг органолептик хусусиятлари ва сифатига ижобий таъсир кўрсатади, бу эса уни ташиш ва сотиш жараёнида бузилиш ҳамда йўқотиш хавфини камайтиришга имкон беради.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, гилоснинг жаҳон бозорида машҳур бўлиб кетишига ҳисса қўшган яна бир муҳим кашфиёт Modified Atmosphere Packaging (MAP), яъни ўзгартирилган муҳитда қадоқлаш технологиясидир. Бу сизга гилос янги узилган пайтдаги сифатни сезиларли даражада йўқотмасдан 60 кунгача сақлаш имконини беради. Ушбу усулда қадоқлаш орқали гилосни денгиз йўллари орқали ташиш мумкин бўлди ва натижада уни етказиб бериш харажатлари авиалогистикага нисбатан анча пасайди. Ва ўз навбатида, сўнгги истеъмолчига мевани сотиш нархларини пасайтиришга имкон бериб, гилосга талабни кескин ошириб юборди. Бугунги кунда МАР технологияси туфайли, агар керак бўлса, гилосни денгиз контейнерларида дунёнинг деярли исталган нуқтасига етказиш мумкин.

«Жаҳон гилос бозорининг ғайриоддий муваффақиятини таъминлаган яна бир хусусият “Хитойнинг гилос иқтисодий эркинлиги» деб аталади. Биринчидан, гилос, асосан, Чили Мева экспорт қилувчилар уюшмасининг ушбу мевани оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари туфайли Хитой Янги йилининг ўзига хос рамзига айланди. Бу жуда қулай, ахир, Чилидаги гилос айни шу Янги йил байрамлари вақтида пишади! Хитой Янги йилини нишонлаш арафасида Чилидан келтирилган янги узилган гилос чиройли совға қадоқларида ва жуда кўп миқдорда сотилади. Шу билан бирга, ушбу мева Чин юртида иқтисодий эркинлик рамзига айланди – Хитойда қишда гилос сотиб олиш обрў ҳисобланади ва истеъмолчининг юқори ижтимоий мавқеини тасдиқлайди. Шундай қилиб, Хитойда гилос муваффақият ва фаровонлик рамзи ҳисобланмоқда, чунки у арзон турмайди. Бундан ташқари, Хитой бозорида йирик калибрли ва тўқ рангли гилосни хуш кўришади. Бир сўз билан айтганда, Хитой ва Гонконг ҳар йили 3 миллиард долларлик гилос импорт қилади ва ушбу импортнинг асосий қисми Янги йил байрамларига тўғри келади», – дейди Андрей Ярмак.

Шунингдек, у гилос аллақачон энг қиммат маҳсулот бўлишига қарамай, ҳар йили унинг жаҳон нархлари ҳар қандай данакли мевалардан кўра тезроқ ўсиб бораётганини ва бу гилосга бўлган талаб кучаяётганидан далолат беришини таъкидлади. Дарвоқе, гарчи, гилос сингари, масалан, сархил ўрикнинг жаҳон бўйича сотув ҳажми ўсаётган бўлса-да, йилнинг айни шу пайтида ўрик нархлари йил сайин пасайиб бормоқда.

Мутахассиснинг фикрига кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон гилос экспортидан даромад олиши учун ажойиб имконият бор. Чунки улар, масалан, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, аллақачон гилос бозорига кириш имконига эга. Бундан ташқари, ушбу мамлакатлардаги иш ҳақи Чилига ёки ҳатто Туркияга қараганда анча паст ва мева қанча кичик бўлса, уни териб олиш харажатлари шунча катта бўлади. Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатларида гилос етиштириш учун иқлим идеал даражага яқин. Тўртинчидан, Хитойдан ташқари, бошқа кўплаб Осиё мамлакатларида ҳам гилосга талаб тез суръатларда ўсиб бормоқда. Бешинчидан, Андрей Ярмакнинг айтишича, авиаташувларни ривожлантириш Марказий Осиё мамлакатларига гилосни Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига ҳам муваффақиятли сотишга имкон беради, чунки бу меванинг нархи анча баланд эканлиги ҳаво қатнови харажатларини қоплайди.

Бироқ, ФАО мутахассиси гилос етиштириш ва қайта ишлаш жараёнларини жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратди, бусиз маҳсулотни муваффақиятли сотиш мумкин эмас эди. “Гидрокулинг – бу сотув бозорларидан анча узоқда жойлашган минтақангиздан гилосни экспорт қилишнинг асосий шартидир. Агар сиз гилосни совутмасангиз, бир дақиқада гилоснинг ажойиб ҳиди билан бирга сизнинг пулларингиз қандай қилиб ҳавога учиб кетишини томоша қилиб қолаверасиз. Дарҳақиқат, кўпинча, Ўзбекистонда гилосни йиғиб олиш жуда иссиқ вақтга тўғри келади, шунинг учун уни териб олгач, дарҳол камида Цельсий бўйича 10 даражагача совутиш керак, акс ҳолда у вазни ва намлигини тезда йўқотади. Шунингдек, сиз иссиқхоналарда гилос етиштириш технологиясига эътибор беришингиз ва, албатта, сифати юқори катта мевали ширин гилос олиш учун интенсив етиштириш технологияларига ўтишингиз керак бўлади», – дея хулоса қилди Андрей Ярмак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан ёнғоқ экспорти 2022 йилнинг биринчи чорагида қарийб уч баробар ошди

EastFruit

2022 йилнинг биринчи чорагида Туркиядан 129 мамлакатга қуритилган мевалар етказиб берилди

EastFruit

Сўнгги уч ҳафта ичида Ўзбекистондан пиёз экспорти ҳажми кескин ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин