Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюХорхе Дуарте – Грузияда “ҳақиқий голубика индустриясини яратиш” мумкин
Долзарб Интервью Махсус Янгиликлар

Хорхе Дуарте – Грузияда “ҳақиқий голубика индустриясини яратиш” мумкин

Резавор мевалар етиштирувчиларнинг консультанти, Португалиялик агроном Хорхе Дуарте USAID дастури томонидан Грузияга маҳаллий фермерларга маслаҳатлар бериш учун таклиф этилди. 2020 йилда бир қатор онлайн семинарлардан сўнг у 2021 йил апрелда ва июлда икки марта Грузиядаги резавор мевалар плантацияларига ташриф буюрди. Хорхе Марокаш, Миср, Руминия, Испания, Италия, Туркиядаги резаворзорларда ишлаш бўйича катта тажрибага эга эканлигини инобатга олиб, EastFruitнинг Грузиядаги мутахассислари у билан Грузияда голубика етиштириш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида суҳбат қурди.

– Грузиядаги голубика етиштириш сектори тўғрисидаги дастлабки таассуротларингиз қандай?

– Июль ойида мен Гурия минтақасидаги бир нечта катта-кичик голубика плантацияларига бордим. Португалияда катта голубика боғларини кам учратасиз, у ерда боғлар майдони ўртача 2 гектардан ошмайди.  Голубика – кўп меҳнат талаб қиладиган экин ҳисобланади. Бир гектардаги ҳосилни йиғиштириб олиш учун 25 киши керак бўлади.  Тобора каттароқ плантацияларга уни экаётган фермерлар ҳозирданоқ ишчи кучи етишмовчилиги муаммосига дуч келган.  Келажакда турли кичик тармоқлар ва компаниялар ўртасидаги рақобат туфайли бу яна давом этади.  Португалияда ҳам худди шу нарса юз берган ва бу яганалаш каби айрим жараёнлар механизациялашувига олиб келган. Ҳосил йиғиш қўлда бажарилади. Грузия боғларида бир ҳафта ўтказиб, айтишим мумкинки, бу ерда механизациялашув даражаси жуда паст ёки умуман йўқ.

– Грузиялик деҳқонлар ҳосилни қўлда териш резаворларнинг юқори сифатини сақлаб қолишга ёрдам беради ва шу тарзда у бозорда яхши сотилади, деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Нафақат Грузияда, балки ҳамма жойда шундай фикр юради. Бироқ у фақат Грузиядаги сингари эски навларга тааллуқли.  Ҳозирга келиб асосий етиштирувчи мамлакатлар ҳосилни механизациялашган тарзда йиғиб-териб олишга чидамлироқ ва мослаштирилган янги навларни экмоқда.  Бундай янги навларни экиш Португалияда ҳам оммалашган. У ердаги фермерлар бундай навларни 3-4 йил аввал эка бошлагандилар.  Бироқ янги нав экилган майдонлар Грузияда кўп эмас.  Грузин деҳқонлар ҳозирги кунда оммалашган, механизациялашган тарзда териб олишга мослаштирилган янги навлар билан яқиндан танишишлари керак. Чунки келгусида улар ишчи кучи етишмовчилиги муаммосига янада кўпроқ дуч кела бошлайдилар.

– Механизациялашган тарзда йиғиб олиш учун қайси навлар тўғри келади?

– Сиз ҳар қандай турдаги голубика боғларида ҳосил йиғиб-териб олишни механизациялаштиришингиз мумкин. Бироқ нобуд бўлган мевалар фоизи турлича бўлади. Ҳосилни механизациялашган ҳолда териб олишдан мақсад – юқори сифатли меваларни энг кам йўқотишлар билан йиғиштириб олишдир. «Нью Ганновер» (New Hanover), «Стар» (Star) ёки ҳатто ўта юқори ҳароратда юмшоқ бўлиши мумкин бўлган «Легаси» (Legacy) сингари навларда катта йўқотишларсиз машинадан фойдаланиш қийин бўлади. Бу тавсия этилмайди, бироқ агар ишлаб чиқарувчига йўқотишлар улуши катта бўлиши муаммо туғдирмаса, уриниб кўриш мумкин. Механизациялашган тарзда йиғиб олиш учун энг яхши навлар «Дюк» (Duke), тинчлик даври узоқ давом этувчи нав (High Chill). Бундан ташқари, тинчлик даври ўрта ва паст (Mid Chill ва Low Chill) бўлган «Топ Шелф» (Top Shelf), «Блю Риббон» (Blue Ribbon) ва «Сузиблю» (Suziblue) сингари навлар ҳам яхши.

Ҳосилни механизациялашган тарзда йиғиб-териб олиш учун голубика майдонлари мевани тегишли равишда териш, тупларни кесиш имконини берадиган схема билан экилиши лозим. Уруғ қадашдан аввал буларнинг барчасини инобатга олиш керак бўлади. Ҳозирча эса, кўриб турибманки, Грузияда механизациялашган тарзда териб олишга яроқли бўлган голубика плантациялари йўқ.

– Мавжуд плантацияларни механизациялашган тарзда теришга мослаштириш мумкинми?

– Экиш схемасининг асосий ўзига хослиги – бу қаторлар ва туплар орасидаги масофадир. Сиз кўчатлар тўғри ўсиши ва ёйилиб кетмаслиги учун уларни кесиб туришингиз керак. Пастки шоҳларни олиб ташлаш ва ҳосилни механизациялашган тарзда йиғиштириб олишга экинни тайёрлаш лозим. Меваларнинг механизациялашган теримга чидамлилигидан ташқари экинлар орасидаги масофа ҳам муҳим аҳамиятга эга.  Бозорга чиқарилган машиналар 2,5-3 метрлик қатор оралиғига мўлжалланган.

Мавжуд комбайнларни мослаштириш имконияти ҳам бор, яна кичикроқ машина топиб, уни сизнинг тракторингизга бириктириш ҳам мумкин. Ушбу ихтисослашган бозорда Нидерландиянинг Finefields ва Сербиянинг Tresac машиналари ном қозонган.

– Грузин фермерлари ҳозир бундай ўзгаришларга тайёрми?

– Ўйлашимча, ҳозирда грузиялик фермерлар тижоратлаштириш, ҳосилни йиғиштириб олиш учун етарлича одам топиш ва маҳсулот сифати сингари бошқа муаммолар билан банд. Қолган муаммолар сифатни ушлаб туриш учун суғориш тизимларини ўрганиш ва суғоришни бошқариш жараёнини яхшилаш билан боғлиқ. Суғориш ҳар погон метрга тўғри келадиган томдириш нуқталари сони нуқтаи назаридан у қадар яхши лойиҳалаштирилмаган. Бу эса илдиз зонасида сувнинг бир маромда тақсимланишига халақит беради. Ишлаб чиқарувчилар голубиканинг илдизи жудаям чуқур жойлашмаслигини инобатга олиши керак. Асосан, унинг чуқурлиги 20 сантиметрни ташкил қилади ҳамда экин эҳтиёжини қондириш учун баҳор ва ёзда кўп сув талаб этилади. Ҳаммаси ҳам эмаску, лекин мен кўрган деҳқонлар етарлича самарали бўлмаган суғориш тизимини ўрнатганлар.

Етиштирувчилар эътибор қаратиши зарур бўлган яна бир жиҳат – ўғитлаш ва тупроқни яхшилаш. Гурия районида мен гувоҳ бўлган тупроқ гилга бой экан, унинг даражаси 50% дан 70% гачани ташкил қилади. Бу эса голубика учун жудаям мақбул кўрсаткич эмас. Голубика экиладиган тупроқ сув яхши сингиб бориши учун енгил бўлиши лозим. Мен ўта оғир тупроқли жойларга ва тупроқни яхшилаш бўйича ишлар (бегона ўтлардан тўғри тозалаш, ерюмшатгичлар ёрдамида тупроқнинг табиий дренаж хусусиятларини яхшилаш, доломит оҳаги ёки элементар олтингугурт ёрдамида тупроқ рН даражасини ошириш/камайтириш, илдиз отишини яхшилаш мақсадида боғларга қўшимча органик моддалар қўшиши ва бошқалар) етарлича эмаслигига гувоҳ бўлдим. Баланд жўякларда ҳосил етиштириш учун мен 30 см баландлик ва 90-100 см кенгликни тавсия қилган бўлардим. Чунки бу илдиз тизимини кислород билан тўйинтириш ва сув тақсимотини яхшилашда жуда муҳим. Мен бир неча муваффақиятли деҳқонларни кўрдим, бироқ уларнинг кўпчилиги таваккалига ҳаракат қилишмоқда.

Голубика плантациясини аввалдан режалаштиришнинг ҳам аҳамияти кам эмас. Ҳозирги замон фермерлари ҳосил йиғиштиришни уч-тўрт йиллаб кута олмайдилар. Улар илк ҳосилни кўчат экилгандан бир йил кейин ҳар бир тупдан 0,5-1 кгдан олишни бошлаши лозим. Бу эса юқори сифатли экин материали орқали таъминланади. Бозорда бир йиллик ва икки йиллик голубика кўчатлари сотилмоқда. Кўплаб питомниклар икки йиллик эмас, балки бир йиллик кўчатлар етиштиришни режалаштиради, чунки икки йиллик кўчатлар учун кўпроқ жой, туваклар катталигини ўзгартириш ва қўшимча озуқа талаб этилади. Бу ҳам кўчат нархини оширади. Икки йиллик кўчатлар одатда Шимолий Европа сингари вегетация даври унчалик узоқ давом этмайдиган иқлимда фойдаланилади.

Грузиядаги кўплаб деҳқонлар экинни баҳорда эмас, балки қишда экадилар. Аммо баҳор илиқроқ ҳарорат ва ёруғлик даражасининг юқорилиги боис ўсимлик бўй чўза бошлаши ва илдиз тизимини тезроқ ривожлантириши учун яхшироқ вақт. Яна бир масала – бу кўчатни ўз вақтида, экишдан камида бир ярим йил аввал буюртма қилишдир. Агар кимдир 3 ойдан кейин экишни ўйлаган бўлса, у питомникдан иккинчи навли, асосан қолдиқ кўчатлар сотиб олиши муқаррар. Питомникларда in vitro (оддий) ёки поя қаламчаларини кўпайтириш (ҳозирги вақтда кўп фойдаланилмайди) усули орқали етарли вақт оралиғида (3-6 ой) экилади. Шундан сўнг, кўчат кўп ҳолларда 1 л, 1,5 л ёки 2 л лик тувакларда униб чиқади.

Питомниклар ва етиштирувчилар нимани етказиб бериш (навлар, сони ва ўсимлик тури) тўғрисида билса, бир-бирига манфаат келтиради, бу эса хизматлар ва харид қилинаётган кўчатлар сифатининг яхшиланишига олиб келади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мен ҳар қандай голубика плантациясини Грузиядаги каби 6 ой эмас, балки камида 2 йил олдин режалаштириш керак, деб ҳисоблайман.

– Ёмон ўсаётган плантациялар учун қандай ечимлар мавжуд?

– Агар экин экилганидан бир йил ёки ҳатто икки йил ўтгач ҳам ўсимлик яхши ўсмаётган бўлса, яхшиси уларни даладан олиб ташлаш ва янгидан экиш керак. Мен голубика соҳасида катта билимга эга бўлган Дэйв Бразелтон (Dave Brazelton)нинг гапларидан иқтибос келтирмоқчиман: “Сизда голубикани яхши кўриб қолиш учун икки йил, уни ёмон кўриб қолиш учун эса бутун умр вақтингиз бор”.

Агар фермерлар экиш материали ва тупроқни тайёрлаш вазифасини уддалай олмаса, ушбу экин тури билан, айниқса мен Гурияда кўрганимдек оғир тупроқ шароитларида муваффақиятга эришиши қийин бўлади. Шу боисдан, улар ҳамма ишни жуда сифатли амалга ошириши зарур.

Гурия минтақасидаги иқлим голубика етиштириш учун етарлича мос келади, бироқ гил даражаси юқорилиги каби тупроқ билан боғлиқ чекловлар бор. Бундай ҳолат эса голубика етиштиришда тавсия этилмайди, аммо етиштирса бўлади.

Сизнинг мақолаларингиздан бирида ўқидимки, Грузияда голубика плантациялари 2012 йилдан буён мавжуд. Бозор ўта юқори талаблар қўяётган ҳозирги пайтда етиштирувчилар плантацияларни лойиҳалаштиришни яхшилаш, тупроқ хусусиятлари ва суғориш тизимларини такомиллаштириш, яганалаш ҳақида ҳам, тупроқ ва ўсимликларни ўғитлаш бўйича яхши ва барқарор дастурларни давом эттириш амалиётлари ҳақида ҳам базавий билимларга эга бўлишга эътибор қаратмоғи лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, тушунишимча, йирик компаниялар ўз хатоларига қараб мен айтиб ўтган сабоқларни аллақачон чиқариб олганлар ва энди янги деҳқонлар ҳам бу билимларни эгаллаши керак. Шунингдек, ўйлайманки, голубика етиштирувчилар ўзаро мулоқотни яхшилаш, бир-бирининг хатоларидан ўрганиш ҳамда экспорт бозорида янги ва тез ривожланаётган, муносиб ўрнини топиши кутилаётган голубика индустриясини Грузияда ривожлантириш йўлида интилишларини бирлаштирса, бу уларга катта фойда келтиради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Қозоғистонда 500 гектарлик иссиқхона кластери барпо этилади

EastFruit

Грузияда сабзавот маҳсулотлари нарх ўсиши бўйича етакчилигича қолмоқда

EastFruit

Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига 3 миллион доллар маблағ ажратади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин