Бош саҳифаЯнгиликларЙирик мевали, экспортбоп гилоснинг супер интенсив боғларини барпо этиш сири: тажрибали агрономдан маслаҳатлар
Видео Долзарб Махсус Янгиликлар

Йирик мевали, экспортбоп гилоснинг супер интенсив боғларини барпо этиш сири: тажрибали агрономдан маслаҳатлар

Хитойга гилос экспорт қилишга мўлжалланган йирик премиум гилос маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун супер интенсив гилос боғини қандай яратиш керак? Ишни нимадан бошлаш керак, бундай бизнес учун қанча сармоя зарур бўлади ва бундай боғни яратиш жараёнида қандай тузоқларга дуч келинади? Буларнинг бари ҳақида кўп йиллик тажрибага эга агроном, Holland Rosetta  компанияси (Голландия)нинг Украинадаги ваколатхонаси техник директори Валерий Ляшинский «Тожикистоннинг мева-сабзавот сектори – энг яхши инвестиция имкониятлари» конференциясида сўзлаб берди. У EastFruit халқаро лойиҳаси томонидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (EТТБ) кўмагида ташкил этилди. Sapienza.media агромедиа агентлиги ахборот ҳамкори бўлди.

Гилос – ўтмишда ва келажакда

Гилос узоқ вақт давомида кўплаб мамлакатларда етиштирилган, аммо уни саноат усулида интенсив етиштириш фақат ўтган асрнинг ўрталарида бошланди. Бунгача у баландлиги тахминан 10 м бўлган дарахтларда ўстирилган, бу мевани интенсив равишда етиштириш, ҳосилни созлаш ва катта калибрли мева олишни имконсиз қилиб қўярди. Айтганча, ҳозиргача ҳам Ўрта Осиёдаги кўпгина боғларда, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа жойларда гилос етиштиришнинг ушбу экстенсив усулидан фойдаланилади.

Аммо ХХ аср ўрталарида пакана дарахтлар кашф этилиши натижасида йирик мевали гилосни интенсив равишда етиштириш мумкин бўлди. Замонавий гилос боғи юқори технологик интенсив ишлаб чиқариш бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

– тирговичлар (таянч тизими);

– суғориш тизими;

– ёмғир ва дўлдан ҳимоялаш тизими (йиғим-терим пайтида ёмғир ёки дўл бутун ҳосилни ва бир йиллик барча ҳаракатларингизни бир кунда чиппакка чиқариши мумкин, чунки гилос бундай шароитда «ёрилиб» кетиши мумкин);

– ҳашаротлардан ҳимоя қилиш тизими (у гилос пашшаларидан ва бошқа зарарли ҳашаротларнинг кириб келишидан ҳимоялайди).

Бошқача айтганда, гилосни ёпиқ шароитда етиштирса бўлади, бу сизга очиқ майдонга нисбатан катта устунлик, шу жумладан, ҳосилни мослаштириш ва керакли ҳажмдаги катта мевали гилос ўстириш имконини беради.

Гилосни иссиқхонада етиштириш энг замонавий усул бўлиб, у ерда тўлиқ бошқариладиган муҳит яратилади. Шу билан бирга, ушбу иссиқхоналарни яратиш харажатлари катта бўлганлиги сабабли бу усулнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги шубҳали бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Тожикистон (шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари) шароитида бундай иссиқхоналарда юқори ҳароратга қарши туриш фақат тўр парда ташлаб қўйишга қараганда анча мушкул ишдир. Иссиқхонада гилос етиштиришнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини таъминлаш учун юқори нархда харид қиладиган кафолатли бозорга эга бўлиш керак.

«Тожикистонда янги узилган гилосни Хитойга экспорт қилиш учун ноёб имконият мавжуд, чунки жаҳоннинг атиги 10 мамлакати бу мамлакатга гилос етказиб беришга рухсат олган. Шу билан бирга, Хитой гилоснинг энг йирик импортчиси бўлиб, гилос импортига йилига қарийб 1,5 миллиард доллар сарфлайди», – дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак. “Аммо, Тожикистон бу имкониятдан деярли фойдаланмайди, чунки мамлакатда етарлича катта калибрли гилос жуда кам ва уни териб олиш ҳам осон эмас. Шу сабабли, тожик гилосининг Хитойга йиллик экспорти 100 тоннага ҳам бормайди. Агар керакли калибрдаги гилоснинг улгуржи партиясини йиғиб олиб, уни тўғри совутиб, қадоқлаб, Хитойдан ишончли харидор топса, тожикистонлик деҳқон гилоснинг ҳар килосини 6 АҚШ долларидан сотиши мумкин, бу эса уни ҳатто иссиқхоналарда етиштиришга тикилган сармояни ҳам қоплаб беради», – дейди Андрей Ярмак.

Замонавий супер интенсив гилосзор барпо этишнинг асосий босқичлари

Валерий Ляшинский супер интенсив гилос боғини ташкил этишни мустақил маслаҳатчи жалб қилишдан бошлашни маслаҳат беради, унинг сўзларига кўра, маслаҳатчи хизмати ойига 1000 доллар туради. Кейин ушбу йўналишнинг иқтисодий жиҳатларини тушуниб олиш учун бизнес-режа ва молиявий режалаштириш керак. Бунинг учун сиз замонавий гилос боғини барпо этиш ва ишлатишнинг барча асосий босқичларини билиб олишингиз зарур.

Мутахассис қуйидаги асосий босқичларга алоҳида эътибор қаратди:

1. Жой танлаш. Ушбу биринчи босқичда танланган ер боғ барпо этиш учун мос ёки йўқлигини текшириш учун тупроқ ва сувни таҳлил қилиш керак. Участкадаги тупроқ ва сув таркиби тўғрисидаги маълумотлар муҳим роль ўйнайди. Масалан, агар бу ҳудуддаги сув жуда шўр (таркибида кальций, магний ёки натрий тузлари миқдори кўп) бўлса, катта эҳтимол билан бу жой боғ учун мос эмас, чунки сувни тозалаш осонмас ва жуда қимматга тушади.

2. Экишга тайёргарлик.

Картография. Ўтказилган тупроқ ва сув таҳлилларидан сўнг ушбу жой ва маҳаллий сув гилос боғи учун мос деб топилган бўлса, сиз ернинг юқори сифатли харитасини тузишингиз керак. Чунки бу гилос навларини танлаш ва уларни плантацияга жойлаштириш, суғориш ва тиргаклар тизимини ўрнатиш учун база бўлиб хизмат қилади. Худди шу босқичда коммуникацияларни жойлаштириш схемасини ҳам тузиб олиш мумкин.

Коммуникациялар учун рухсат олиш. Ҳуқуқий жиҳатлар ҳақида ҳам унутмаслик керак – сувдан фойдаланиш учун рухсат олиш, электр узатиш линияларини ўрнатиш ва бунинг учун рухсат олиш, электр қувватидан фойдаланиш ва бошқалар.

Гилос навларини танлаш қайси маҳсулотни ишлаб чиқариш ва уни кейин нима қилиш – қаерга, кимга сотиш режалаштирилганига боғлиқ. Агар сиз Хитой бозорига мўлжал қилган бўлсангиз, улар йирик ва қора гилосни афзал кўришади.

Кўчатларни сотиб олиш. Мутахассиснинг фикрига кўра, тайёр буталанган юқори сифатли кўчат (гилос 5+, икки йиллик, вируссиз)лар сотиб олиш анча тежамли. Албатта, сиз кесилмаган кўчатлар (бир йиллик гилос, шохлари йўқ, вируссиз)ни сотиб олишингиз мумкин – улар 30 фоиз арзонроқ, аммо кейин  ўзингиз уларни буталаб чиқишингиз керак бўлади. Шуни ёдда тутиш керакки, гилосни буталаш олма ёки нокка қараганда анча қийин, у хатоларни кечирмайди ва уларни тузатиш учун бир неча йил керак бўлади.

Тупроқни тайёрлаш. Тупроқни тайёрлаш учун махсус техника сотиб олишнинг маъноси йўқ, агар бўлса, ижарага олган маъқулроқ, деб ҳисоблайди Валерий Ляшинский. Чунки бундай ускуналар фақат бир марта керак бўлади, агар, албатта, компания доимий равишда янги боғлар барпо этишни режалаштирмаган бўлса. Аммо боғда ишлатиладиган техникалар сотиб олиниши тўғри қарор, яъни яхши трактор, ўроқ машина, пуркагич, боғ ораларида ишловчи техникага эга бўлишингиз керак, чунки буларнинг барчаси боғда доимий хизмат қилади. Ушбу техникаларнинг сифати қанчалик баланд бўлса, боққа ишлов бериш шунчалик яхши бўлади.

Ускунани ўрнатиш шпалер (тиргович)лар ва суғориш тизимини ўрнатиш бўйича муҳандислик ишларини назарда тутади, чунки пакана туплар тирговичларда ўсади. Мутахассиснинг айтишича, сифатли устунларни кўчат ўтқазишдан олдин ўрнатиш лозим. Шунингдек, у юқори даражада сифатли томчилатиб суғориш тизимлари учун маблағ аямасликни тавсия қилади. Шу билан бирга, таянч устунлар баландлигини ҳисоблашда, ёмғир ва дўлдан ҳимоя қилиш учун боғнинг тўр билан қопланишини ҳисобга олиш керак.

 Захира ҳавзаси. Ҳовуз ҳажми суғориш суви сифатига ва манбанинг яқинлигига қараб ҳисобланади. Агар сув манбаи дарё ёки кўл бўлса ва у етарлича яқин бўлса, бассейнга эҳтиёж қолмаслиги ҳам мумкин. Шунингдек, сувнинг захираси қанча кичик бўлса, томчилатиб суғориш учун ҳавза ҳажми шунчалик катта бўлиши керак.

3. Экиш. Бу жуда муҳим техник тадбир бўлиб, экишнинг турли вариантлари мавжуд – «шудгорлаб экиш», «бурғулаб экиш» ва «белкурак билан экиш». Яхшиси, аввал шпалерларни ўрнатиб, сўнгра кўчат ўтқазган маъқул. Бунинг тескариси бўлган вариантлар ҳам мавжуд, аммо улар муаммоли, сифатсиз ва, албатта, қимматроқ.

 Шунингдек ўқинг: Заъфарон, махсар гули барглари ва қовул етиштириш Тожикистонда инвестиция учун истиқболли имконият

4. Боғни эксплуатация қилиш.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари + ўғитлар. Ўзингизга хос технологик харитани ҳисоб-китоб қилиш ва ишлаб чиқиш – озиқланиш тизими, зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш тизими қандай бўлади, ўсимликларга қайси схема бўйича ишлов берилади, деган саволларга аниқ жавоб топиш жуда муҳим .

Дарахт буташ. Энг яхшиси, пулни тежамай, тажрибали деҳқонларни ёллаш керак, чунки гилос буташ пайтида йўл қўйилган хатоларни кечирмайди.

Асалари ва тукли арилар. Чанглатувчилар ҳақида унутманг, чунки гилос етилишида чангланиш жараёни муҳим. Чангланиш бўлмаса, ҳосил ҳам бўлмайди.

Интенсив боғда гилос ўлчамларини оралатиб кесиш ва буташ орқали бошқариш мумкин. Бундай боғда ўлчами 32 мм дан, вазни эса 15, 14 граммдан каттароқ мева етиштириш лоф эмас! Маҳсулотларни, масалан, Хитойга экспорт қилиш режалаштирилган бўлса, бу айниқса, муҳимдир.

5. Йиғим-теримдан кейинги ишлар.

Йиғим-теримдан сўнг гилосни қайта ишлаш – совутиш, саралаш ва қадоқлашга сарфланадиган маблағ бу боғнинг ўзини барпо этишдан кўра кўпроқ харажат талаб қилиши мумкин. Буни бизнесни режалаштиришда ҳисобга олиш керак.

Совутиш – гидрокулинг. Бу жуда қиммат ускуна, аммо усиз узоқ муддат давомида ташиладиган юқори сифатли маҳсулотни олиш жуда қийин. Чунки, агар теримдан сўнг гилос ярим соат қуёшда қолиб кетса, у боғдан чиқмасданоқ бузилиши мумкин. Мевани териб олгач, қанча тез совутсангиз, шунча яхши. Резаворларни иссиқ ҳолатда йўлда бир соат олиб юриш кейинги сақлаш муддатидан бир кун айириб ташланишини англатади. Шунинг учун гидрокулинг ташишдан олдинги энг самарали совутиш усули ҳисобланади. Бундай ускунанинг нархи 70 минг доллардан бошланади.

Саралаш ва қадоқлаш. Териб олинган мева истеъмолчиларга тақдим этилиши керак ва маҳсулотингизни чиройли, юқори сифатда намойиш қилиш учун аввал уни саралаш ва кейин қадоқлаш керак (қадоқ истеъмолчининг кўзига чиройли кўриниши ва ташиш пайтида зарарланмаслиги учун юқори сифатли бўлиши керак). Ушбу технологик линия, ускуналар ва жараённинг ўзи (ҳатто қўл меҳнати билан бажарилса ҳам) арзон эмас.

Андрей Ярмак Валерий Ляшинскийнинг тақдимотига қўшимча қилар экан, гидрокулинг усулида совутишда, модификацияланган муҳит ҳосил қилувчи замонавий қадоқлаш технологиялари ёрдамида гилос сифатини икки ойгача сақлаш мумкин бўлишини айтди. Бу жуда муҳим, чунки гилосни нафақат ҳаво йўллари, балки қуруқлик транспорти ва денгиз контейнерларида ташиш имконини беради, демак, ишлаб чиқарувчи логистика харажатларини тежаб, маҳсулотдан юқори даромад олиши мумкин.

Қуйида Валерий Ляшинский тақдимотининг тўлиқ видеосини томоша қилинг:

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Сабзавот ҳосилини йиғиш ва қайта ишлаш тезлиги ҳамда аниқлигини таъминловчи роботлаштирилган тизим (видео)

EastFruit

Ўзбекистондан ёнғоқ экспорти 2022 йилнинг биринчи чорагида қарийб уч баробар ошди

EastFruit

Тожикистонлик 500 нафар фуқаро Буюк Британияга қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш учун кетиши мумкин

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин