Бош саҳифаЯнгиликларУкраина рекорд даражадаги пиёз экспорти ҳажмига эга бўлган мавсумдан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистондан ушбу маҳсулотни импорт қила бошлади
Долзарб Махсус Янгиликлар

Украина рекорд даражадаги пиёз экспорти ҳажмига эга бўлган мавсумдан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистондан ушбу маҳсулотни импорт қила бошлади

EastFruit таҳлилчилари хабарига кўра, Ўзбекистонда етиштирилган пиёзнинг биринчи улгуржи партиялари Украина улгуржи бозорларига кириб борган. Қизиғи шундаки, биз бир ойдан кўпроқ вақт аввал, ушбу мамлакатда ҳали пиёз йиғим-терими давом этаётган пайтда «Украинада пиёз нархи рекорд даражада кўтарилиши – уни Ўзбекистон ва Молдовадан импорт қилишга сабаб бўладими?» сарлавҳали мақолада воқеалар ривожи шундай тус олиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Бу маълумот сўнгги 8 йилда Украина пиёзининг рекорд даражага етган экспортидан сўнг айниқса, қизиқарлидир.

Украинада Ўзбекистон пиёзи маҳаллий етиштирилган маҳсулотдан 15-25 фоиз қимматроқ таклиф қилинаётганига қарамай, унга талаб анча юқори. Бозор иштирокчиларининг айтишича, украиналик харидорларнинг импорт қилинадиган пиёз учун кўпроқ пул тўлашга тайёрлигига асосий сабаб, ўзбек пиёзининг юқори сифат кўрсаткичларидир. Гап шундаки, Украиналик пиёз етиштирувчилар қиш ва баҳорда унинг нархи ошишини кутиб, сифатли пиёзнинг барини омборга жойлашга ҳаракат қилишди. Шунга кўра, маҳаллий бозорда сифати юқори бўлмаган маҳсулотлар устунлик қилмоқда, бу эса ушбу даврда сара маҳсулотларни импорт қилишга имкон яратмоқда.

Шунингдек, Украина савдогарларининг нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистондан ҳам пиёз харид қилишлари ҳақида маълумотлар бор. Қозоғистон йилига 100 минг тоннагача пиёз экспорт қилади, уни сақлаш учун яхши ривожланган инфратузилмага эга, қолаверса, логистика ҳам арзонроқ ва тезроқ. Пиёз хариди Тожикистондан янада қизиқроқ, бу ерда нархлар Ўзбекистонникидан ҳам паст, аммо тожик пиёзини Украинага етказиб бериш ҳақида ҳозирча гап йўқ, чунки, Тожикистондан логистика қиммат ва бу ерда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистондагидан кўра экспортбоп пиёз партиясини йиғиш мушкул.

Украинада пиёзнинг ўртача улгуржи нархлари, сифат муаммоларига қарамай, бир йил аввалгидан ва 2019 йилдагидан ўртача 2,5 баравар юқори. Айтганча, нархлар 2021 йилнинг август ойи ўрталаридан буён ўзгармади, бу эса талаб ва таклиф бир хил бўладиган мавсумларга хосдир. Сўнгги марта кузда пиёз нархи 2018 йили ошган, аммо кейин янги йилга яқинроқ пасая бошлаган ва 2019 йилнинг апрелигача пасайишда давом этган. Бунинг ортидан 2019 йилнинг май ойида нархларнинг кескин кўтарилиши тарихдаги рекорд даражага етди. Бироқ ўшанда нархлар кўтарилиши сабаблари Европадаги маҳсулотларнинг умумий танқислиги туфайли рўй берган.

Айни пайтда Украинада пиёз нархи Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларига нисбатан юқори. Фақат Беларусда пиёзнинг улгуржи нархлари Украина билан бир хил. Қизиғи шундаки, Россияда пиёзнинг улгуржи нархи Украинага қараганда 33 фоиз паст, аммо у ерда ҳам маҳсулот сифати билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Марказий Осиё мамлакатларига келсак, пиёз нархи Украинаникидан анча паст. Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳозир пиёзни Украинадагидан икки баравар арзон сотиб олиш мумкин. Аммо мутлақ нархлардаги фарқ унчалик катта эмас (тахминан 15 АҚШ центи), бу эса импортёрларни янада арзон логистика вариантларини излашга ундамоқда. Бу ҳатто импортёрга импорт пиёзи Украинаникидан қимматроқ нархда сотилмаса, пул ишлаш имконини бермайди.

Шу боис, Марказий Осиёдан келтирилган пиёзнинг илк партиялари Украина бозорида маҳаллий маҳсулотлардан қимматроқ нархда сотиляпти. Айтганча, ҳаво совиши билан логистика арзон бўлмайди, эҳтимол, шунинг учун импортёрлар Украина бозорига пиёз етказиб беришга ошиқишаётгандир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Тожикистонда пиёз нархининг сўнгги икки ҳафта ичидаги пасайиш тенденциясига эътибор қаратиш жоиз. Бу Украинага маҳсулот экспорт қилиш имкониятларини сезиларли даражада оширади. Украиналик савдогарларнинг фикрича, яқин келажакда фермерларда узоқ вақт сақланмайдиган пиёз тугаб қолгач, нарх тез кўтарила бошлайди. Шу боис, улар Марказий Осиёда сақланаётган пиёзни қишда етказиб берилиши шарти билан харид қилиш бўйича жуда кўп шартномалар тузишмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин