Бош саҳифаЯнгиликларТурк лирасининг қулаши Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги мева-сабзавот ҳамда ёнғоқ бозорларига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Турк лирасининг қулаши Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги мева-сабзавот ҳамда ёнғоқ бозорларига қандай таъсир кўрсатмоқда?

EastFruit таҳлилчилари минтақа мева-сабзавот бизнеси учун сўнгги ҳафталарнинг энг муҳим омили – турк валютаси – лира курсининг кескин тебранишларига эътибор қаратишмоқда.

2021 йил бошидан бери турк лираси курси икки баробардан кўпроқ пасайди. Валюта курсининг энг кескин қулаши эса сўнгги уч ҳафта ичида содир бўлди. Шу билан бирга, валюта курси қулаши ортидан унинг кескин ўсиши бошланди, чунки, Туркия ҳукумати кескин девальвацияни тўхтатишга ҳар қандай йўл билан ҳаракат қилди.

Табиийки, ҳар қандай давлатнинг валюта курси пасайиши экспортни рағбатлантиради, курс баландлаши эса мамлакат товарларининг ташқи бозордаги позициясини ёмонлаштиради. Шундай қилиб, Туркия сабзавот ва мевалари ҳозир ташқи бозорларда рақобатбардош бўлиб бормоқда. Шу муносабат билан EastFruit таҳлилчилари Туркиядаги вазият қай тариқа ва кимга кўпроқ таъсир этишини кўрсатиб бериш учун Туркия мева-сабзавот экспортининг тузилиши ҳамда географиясини кўриб чиқишга қарор қилишди.

Аввало, шуни қайд этиш жоизки, сабзавот, мева ва ёнғоқлар, умуман, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Туркиянинг энг муҳим экспорт маҳсулоти эмас. 25 та энг йирик экспорт позицияси орасида фақатгина ёнғоқ бор. Шу билан бирга, сархил мева-сабзавотлар, ёнғоқлар, шунингдек, қуруқ мевалар ва музлатилган мева-сабзавотлар Туркияга 2020 йилда 5,7 миллиард долларлик экспорт тушумини келтирди.

Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Ўзбекистон мева-сабзавотларни 8 баробар, Украина ва Молдова эса Туркиядан қарийб 20 баробар кам экспорт қилган. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларининг глобал рейтингида Туркия Италия ва Чилидан кўп ортда қолмаган ҳолда 8-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, 2021 йил охирига келиб, Туркия жаҳондаги энг йирик экспортёрлар орасида 6-ўринга кўтарилиши ҳам мумкин.

Дарвоқе, Туркия мева-сабзавотларнинг етарлича йирик импортёри ҳам бўлиб, ҳар йили хориждан ушбу товарларни тахминан 1 миллиард долларга сотиб олади. Табиийки, лиранинг қадрсизланиши импортни қимматлаштиради, демак,  Туркиянинг чет элдан мева, сабзавот ва ёнғоқ сотиб олиши камайишини кутиш керак.

Туркия учун асосий бозорлар қайси? Туркия товарларининг босими қаерда кўпроқ сезилади ва ушбу мамлакат қайси товарларни нисбатан кичикроқ ҳажмда сотиб ола бошлайди?

Туркия мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий харидори Россия ҳисобланади. Туркия барча маҳсулотининг 18 фоизини Россия Федерациясига етказиб беради. Шунга кўра, Россия бозоридаги босим энг сезиларлиси бўлади.  Кейинги ўринларда Германия, Италия, Ироқ, Буюк Британия ва Франциядир, Украина эса энг муҳим савдо бозорлари орасида 7-ўринни эгаллайди.

Шу сабабли, турк маҳсулотлари Украинага янада фаол сотилишидан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларида Украина маҳсулотлари билан рақобатлашади ҳам. Тўғри, бу ерда фақат бир нечта позициялар ҳақида сўз бормоқда ва турк лирасининг девальвацияси қайси маҳсулотлар бозорига таъсир қилиши ҳақида қуйида батафсил маълумот берамиз.

Шундай қилиб, Туркия мева-сабзавот гуруҳининг асосий экспорт позицияси фундук ҳисобланади.  Ҳа, бу Грузия учун ёмон янгилик, чунки, Туркия фундуклари анча юқори сифатда янада арзонроқ бўлади. Ва бу мавсумда Грузия фундукни шундоқ ҳам жуда арзон нархларда экспорт қилишга мажбур. Бу яна Европа Иттифоқи мамлакатларида Грузия фундуклари нархига босимни янада ошириши мумкин.

Майиз – Туркиянинг иккинчи энг муҳим экспорт маҳсулотидир. Бироқ, бу ўринда Туркия минтақамиз мамлакатлари учун муҳим саналган бозорларга деярли таъсир қилмайди, чунки, маҳсулотларини, асосан, Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб беради.

Мандарин – учинчи энг муҳим экспорт товари.  Ва яна Грузия учун муаммолар бор, ушбу мамлакат худди фундук мисолида бўлгани каби бу йил мандаринлар сифати билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирмоқда. Шунга кўра, нисбатан арзон ва сифатли Туркия мандаринлари грузиялик мандарин етказиб берувчилар учун муаммо туғдиради. Ва ҳатто Туркиянинг алоҳида экспортёрларидан мандаринни Россия Федерациясига олиб киришни таъқиқлаш ҳам вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмайди. Бошқа томондан, арзон Туркия мандаринлари Украина ва Россия истеъмолчилари учун ижобий ҳолат, аммо, бу мамлакатларда олмага талабни бироз камайтириши мумкин ва худди шу жиҳат минтақа боғбонлари учун ёмон хабардир.

Иссиқхона помидорлари –  Туркиянинг мева-сабзавот бўйича кейинги энг муҳим экспорт позицияси.  Ва бу борада, албатта, асосий импортёр-давлатлар Россия ва Украинадир. Шу муносабат билан, маҳаллий иссиқхоналарга қийин бўлади, чунки, Туркия маҳсулотлари арзонроқ сотилади. Айтганча, турк лирасининг қадрсизланиши ушбу шимолий мамлакатларда иссиқхона сабзавотлари нархи бўйича хунук ҳолат содир бўлмаганининг асосий сабабларидан биридир.  Зеро, газ ва бошқа энергия манбаларининг қимматлигини ҳисобга олсак, иссиқхона помидорлари нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилиши борасида хавотирлар бор эди.

Олма – минтақа ва жаҳон олма бозорига бевосита таъсир кўрсатадиган турк экспорти тоифасидир. Туркиянинг таъсири ҳақида кўпроқ #freshapplecrisis мақоласида ёзган эдик.  Лиранинг қадрсизланиши эса боғбонларимиз учун ёмон хабар, чунки, турк олмаси арзонлашиб бормоқда. Энг катта зарарни Молдова, озроқ даражада Украина кўради.

Туркиянинг бошқа экспорт позициялари таъсири сезиларли даражада кичик, минимал ёки мавсумий бўлади. Мисол учун, Туркия данакли мевалар бозорида  (гилос, ўрик, шафтоли ва бошқалар) энг муҳим иштирокчи ҳисобланади.  Бироқ, ушбу экинлар учун янги экспорт мавсуми тез орада бошланмагани боис, девальвациянинг ушбу сегментларга таъсири ҳақида хулоса чиқаришга бироз эрта.

Лиранинг қадрсизланиши нафақат экспортга, балки Туркиянинг мева-сабзавот импортига ҳам таъсир қилади, бу эса дарвоқе, жуда муҳим.

Минтақамиз бозорларига таъсир кўрсатадиган асосий импорт маҳсулоти грек ёнғоғи ҳисобланади.  Шундай қилиб, Украина ва Ўзбекистон турк лирасининг девальвациясидан бевосита зарар кўради, чунки, улар Туркияга пўстлоқли ёнғоқнинг асосий етказиб берувчиларидандир. Уларнинг позициялари охирги пайтлар импорт имтиёзлари олинмагани ва ёнғоқ учун импорт божларини тўлашга мажбур бўлинганидан кейин шундоқ ҳам ёмонлашган эди.

Туркия қуруқ мевалар реэкспорти учун ҳам асосий марказ ҳисобланади.  Ушбу турдаги маҳсулотларнинг бир қисмини Туркия  Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан импорт қилади. Бироқ, бизнес реэкспорт бўлгани боис, лиранинг қадрсизланиши унга сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Туркиядаги девальвация инфляция ўсиши билан биргаликда кечмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг даромадлари қисқаришини англатади. Шунга кўра, биз қимматбаҳо маҳсулотлар тоифасида умуман ички истеъмол пасайишини кутишимиз мумкин.

Шунга кўра, Туркиядаги беқарорлик минтақа мева-сабзавот бозорига сезиларли таъсир кўрсатади. Бу Шарқий Европа импортёрлари учун бутун қиш ва баҳор давомида етакчи омил бўлиши мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Европа Иттифоқида рад этилган жами мева-сабзавотларнинг 60 фоизи ҳануз Туркия ҳиссасига тўғри келмоқда

EastFruit

Ўзбекистондан ёнғоқ экспорти 2022 йилнинг биринчи чорагида қарийб уч баробар ошди

EastFruit

2022 йилнинг биринчи чорагида Туркиядан 129 мамлакатга қуритилган мевалар етказиб берилди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин