Биргина Самарқанд вилояти (Ўзбекистон)нинг Самарқанд туманида икки юздан ортиқ фермер хўжалиги узум етиштириш билан шуғулланади. “Народное слово” газетасининг хабар беришича, ушбу экин учун 3776 гектар майдон ажратилган. Бу йилги ҳар гектардан 35-40 тоннани ташкил қилди. Ўтган йили совуқлар туфайли бу кўрсаткич нача кам бўлган.
“Пеши Куҳ парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигининг 40 гектар майдонида ўндан ортиқ узум навлари етиштирилиб, ҳосилнинг асосий қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Катта плантацияда томчилатиб суғориш усули тўлиқ амалга ошириляпти.
«Сув тежовчи технологияларнинг афзалликларини анчадан бери биламиз. Бу усул нафақат маблағ тежаш, балки юқори ҳосил олиш имконини ҳам беради. Етиштирилаётган маҳсулотларни Россия ва Қозоғистон давлатлари харид қилмоқда. Узумларимиз ўзига хос таъми ва жозибали ташқи кўриниши билан ажралиб туради. Қолган 30 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилган, бу ерда мевали дарахтлардан ташқари кўчатлар ҳам етиштирамиз”, дейди корхона раҳбари Умарқул Ҳамроқулов.
Томчилатиб суғориш самарадорлигини» Азизов Қурбон» кўп тармоқли фермер хўжалиги тажрибаси ҳам тасдиқлайди. Бу ернинг умумий майдони – 129 гектар. Шунинг 50 гектардан ортиғи узумчилик учун ажратилган.
«Илгари ерни суғориш учун кўп вақт керак бўлган. Сув манбаи узоқ, уни плантацияларга етказиб бериш учун навбатга туриш зарур эди. Ҳозир ўзимизнинг артезиан қудуғимиз, сув таъминоти учун улкан сув омборимиз бор. Суғориш вақти максимум 24 соатни ташкил қилади”, дейди Жамшед Азизов.
Фермер узум етиштиришнинг республикадаги энг илғор усулларидан бири сифатида эътироф этилган Фарғона усулини жорий қилди. Инновациялар фермер хўжалигининг ҳосилдорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш имконини бермоқда. Жорий йилда маҳсулотнинг 80 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган.
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида ҳам узумчилик ривожланмоқда. Бу ерда суғориш тизими йўқлиги сабаб, ўнлаб йиллар давомида ташландиқ, бегона ўтлар кўпайиб кетган ҳудудларни қишлоқ хўжалигига жалб этиш лойиҳаси амалга оширилди. Дўстлик массиви яқинидаги Ингичка қишлоғида тоғолди ҳудудлардаги минглаб гектар лалми ерлар ўзлаштирилмай ётган эди. Булар баҳор фаслининг охирига келиб қуёшдан бутунлай куйиб кетадиган ва бегона ўтлар билан қопланидан чўл зоналаридир. Ушбу ҳудудларда токзорлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳани бошлаш учун суғориш билан боғлиқ асосий масала ҳал қилинди.
«Ҳар бирининг чуқурлиги 230 метрдан ортиқ бўлган 37 та артезиан қудуғи қазилиб, ҳаёт бахш этувчи намликни тўплаш учун 12 та сув омбори барпо этилди. Ана шундай меҳнат эвазига олинган сувдан самарали фойдаланиш мақсадида 1 минг 600 гектар майдонга томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилди. Ва бу ерга ички ҳамда ташқи бозорда харидоргир, сархил ва қуритилган юқори маҳсулдор узум навларини экиш имконияти пайдо бўлди», дейди Пайариқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Саидхон Маликов.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон бу йил рекорд даражада узум экспорт қилди
Узум плантацияларини шакллантиришда шарт-шароит яратилиши аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш каби долзарб муаммони ҳал қилишга киришиш имконини берди. Ўзлаштирилган ерлар 50 сотихлик участкаларга бўлиниб, 3200 нафар маҳаллий аҳолига узоқ муддат фойдаланиш учун берилди. Ўзбекистонликлар далада оилавий меҳнат қилишини инобатга олсак, бу ерда ўн мингга яқин киши иш билан таъминланган.
Деҳқонлар асосий узум ҳосилини 3-4 йил ичида олади. Жорий йилнинг ўзидаёқ, қаторлар оралаб саримсоқ, помидор, бодринг, қовоқ, нўхат, картошка пишиб етилди.
Янги қишлоқ кооперативлари агрономлари бу ҳудудда томчилатиб суғоришнинг афзалликларини яққол намоён этмоқда. Ерга сув бериш кечаси фақат икки соат давомида амалга оширилади. Ресурслардан оқилона фойдаланиш туфайли етарли ҳажмдаги намлик нафақат ўсимликлар илдизига кириб боради, балки кўчатлар атрофидаги бир метргача бўлган радиусда тупроқнинг ўртача даражадаги намлигини таъминлайди. Бундай технологияларнинг узлуксиз ишлаши учун Ингичка қишлоғига узунлиги 28 километрдан ортиқ алоҳида юқори вольтли линия тортилди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!