Йил бошидан буён Россия Федерациясининг қишки иссиқхоналарида 1,134 миллион тонна сабзавот ва кўкатлар ҳосили йиғиб олинди. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоизга кўпдир (1,094 миллион тонна). Хусусан, иссиқхонада етиштирилган бодрингдан 651 минг тонна, помидордан 458,6 минг тонна ҳосил олинди.
Ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўн ҳудуд – Липецк, Москва, Волгоград, Калуга, Новосибирск вилоятлари, Краснодар ва Ставрополь ўлкалари, Карачаево-Черкессия, Татаристон ва Бошқирдистон республикаларидир, деб ёзди Россия Федерациясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Иссиқхона саноатининг жадал ривожига давлат томонидан қўллаб-қувватлов чора-тадбирлари, биринчи навбатда, имтиёзли кредитлаш туртки бўлмоқда. Шунингдек, иссиқхоналарда қўшимча ёритиш технологиясидан фойдаланган ҳолда сабзавот етиштирувчи фермерлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш давлат дастури доирасида субсидиялар олиши мумкин. Бундан ташқари, Узоқ Шарқда жойлашган ҳудудлар учун 2022 йилдан бошлаб, иссиқхона мажмуаларини қуриш ва модернизациялаш учун капитал харажатларнинг 20 фоизини компенсация қилиш кўзда тутилган.
Россия Федерациясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2021 йил охирида ижобий динамика сақлаб қолинишини кутмоқда. Прогнозга кўра, қишки иссиқхоналар ҳосили 1,4 миллион тоннадан ошади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!