Польшада булғор қалампири мавсуми бошланди ва унинг яшил тури экспортга тайёр. Экспортёрлардан бирининг сўзларига кўра, бозорда қизил ва сариқ булғор қалампири пайдо бўлгунча бироз кутиб туришга тўғри келади. Нархлар ўтган йилга нисбатан бироз юқорироқ, аммо бошқа етказиб берувчилар билан таққослаганда рақобатбардош, деб ёзмоқда EastFruit FreshPlazaнинг ҳаволасига асосланиб.
Польшанинг сабзавот экспортёри – Green Best компанияси савдо менежери Корнелия Левиковсканинг айтишича, қалампир мавсуми эндигина бошланди: «Польшада қалампир мавсуми энди бошланди. Aйни пайтда фақат яшил қалампир мавжуд, шунинг учун қизил ва сариқ гармдори бозорга чиқишини бироз кутишимиз керак. Бозорда бақлажон ҳам аста-секин пайдо бўлмоқда, аммо ҳозирча оз миқдорда».
Левиковсканинг айтишича, мавсум бошида булғор қалампири билан бозорга кириш қийин, чунки унинг яшил турига талаб ҳали у қадар катта эмас. «Ҳар йили бўлгани каби мавсум бошида Польша қалампири билан бозорга кириш жуда қийин, чунки ҳозирги вақтда нарх ҳануз юқори. Бизнинг мижозларимиз булғор қалампирининг нафақат яшили, балки турли хиллари мавжуд бўлганида буюртма қилишни хуш кўришади. Яшил қалампирга энг катта талаб сентябрь ойига тўғри келади. Ҳозирча биз аста-секин унинг экспортини бошлаймиз. Нарх масаласига келсак, бу йил ўтган мавсумга нисбатан юқори нархларни кўрмоқдамиз, яъни маҳсулот баҳоси тахминан 5-7% юқори. Польшада булғор қалампири етиштириш ишлари бошқа Европа мамлакатларга нисбатан яхши кетмоқда. Маҳсулот сифати юқори ва нархлар рақобатбардош. Қадоқлаш сифати ҳам юксак даражада. Бугун тобора кўпроқ компаниялар Польша қалампирига қизиқиш билдираётганининг сабаби шу. Умид қиламизки, мазкур мавсум жуда муваффақиятли бўлади ва биз булғор қалампирининг қизғин савдосини тўхтатмасликни истаймиз. Бунга сифат борасида ҳам, миқдор борасида ҳам тайёрмиз, дейди Корнелия Левиковска.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!