Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонлик фермерларга кўчат ва пайвандтаглар сотиб олиш учун субсидиялар берилади
Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонлик фермерларга кўчат ва пайвандтаглар сотиб олиш учун субсидиялар берилади

Ўзбекистон фермерлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларига интенсив ўстирилган кўчат (пакана ва ярим пакана) ва пайвандтаглар сотиб олишда харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар берилади. Мева турига қараб, бундай субсидиялар миқдори ҳар бир кўчат учун 8 000 сўмгача ($0,75) ва ҳар бир пайвандтаг учун 2 500 сўмгача ($0,23)дир. Бу хусусда 2021 йилнинг 24 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон ҳукуматининг қарорида айтилган.

Бу республика ҳукуматининг Ўзбекистонда интенсив боғдорчиликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича навбатдаги ташаббусидир. Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабрида республика раҳбарияти томонидан қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари ва боғдорчилик кластерлари иштирокчиларига маҳаллий даражада етиштирилган интенсив кўчат (пакана ва ярим пакана) ва пайвандтаглар сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратишга қарор қилинган эди. Ушбу ҳужжатда республиканинг 55 та туманида мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган боғларни инвентаризация қилиш ва улар негизида янги боғ ҳамда токзорлар яратиш  ҳақида сўз боради. Кўчатлар ва пайвандтаглар импорти бўйича имтиёзларга келсак, улар 2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга олиб кирилганда божхона тўловларидан озод қилинган товарлар рўйхатига киритилган.

Хўш, Ўзбекистонда мева ва ёнғоқни интенсив усулда етиштиришни рағбатлантириш бўйича қандай янгиликлар жорий қилинади? EastFruit мутахассислари янги қарорнинг тўлиқ матни билан танишиб чиқишди ва аввалги субсидия дастуридаги асосий ҳолатлар ҳамда фарқларни ажратиб олишди.

  1. Субсидия олувчилар тоифаси кенгайтирилди. 2019 йил декабрда қабул қилинган аввалги қарорда бундай субсидияларни олувчилар тоифалари рўйхатига қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари ва мева-сабзавот етиштирувчи кластерлар иштирокчилари киритилган. 2021 йилнинг 24 июлидаги янги ҳужжатда ушбу рўйхат кенгайтирилди ва энди мева ва ёнғоқ етиштиришга ихтисослашган барча тадбиркорлик субъектларга кўчат ва пайвандтаглар хариди учун субсидиялар берилиши мумкин. Бошқача айтганда, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига аъзо бўлиш ёки мева-сабзавот кластерларида иштирок этиш бундай ҳолларда зарур эмас.
  2. Интенсив кўчатлар ва пайвандтаглар харидини субсидиялашнинг янги дастури нафақат мева- сабзавот етиштиришга ихтисослашган туманларни, балки республиканинг барча ҳудудини қамраб олади.
  3. Субсидиялар фақат маҳаллий шароитда етштирилган кўчат ва пайвандтаглар сотиб олиниши шарти билан тақсимланади. Яъни, худди аввалги дастурда белгиланганидек, кўчат ва пайвандтаглар Ўзбекистонда етиштирилган бўлиши керак.
  4. Кўчат ва пайвандтагларни етказиб берувчининг тегишли мақоми бўлиши лозим. У кўчатзорлари майдони камида 2 гектар бўлган кўчат ва пайвандтаглар етиштиришга ихтисослашган субъект (фермер хўжалиги) бўлиши керак. Пайвандтаглар «In-Vitro» лабораторияларида ёки вегетатив равишда етиштирилиши зарур, яъни, данак ва уруғдан етиштирилган пайвандтаг учун субсидия қўлланмайди.
  5. Экиш учун кўчат ва пайвандтаглар харид қилинадиган интенсив боғ ресурс тежовчи агротехнологик тадбирларга риоя қилинган ҳолда ва сувни тежайдиган мелиоратив технологиялардан фойдаланилиб, ташкил этилиши керак.
  6. Харид қилинган ҳар бир кўчат ва пайвандтаг учун субсидиянинг асосий ҳажми:

– интенсив мева ва узум кўчатлари учун – 8000 сўм (0,75 доллар);

– пайвандтаг учун – 2500 сўм ($ 0,23).

Субсидия ҳажми мева турига қараб, асосий миқдорни қуйидаги коэффициентларга кўпайтириш орқали аниқланади:

– узум кўчатлари учун 0,15 (хўраки ва кишмиш);

– уруғли мевалар учун 0,50;

– данакли мевалар учун 0,75;

– ёнғоқ мевалари учун 1,00.

Ҳужжат давлат тилида Миллий қонунчилик маълумотлари базасида нашр этилди ва 2021 йил 24 июлдан кучга кирди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Ўзбекистонда 2021 йилги картошка ҳосилининг деярли 75 фоизи деҳқон хўжаликларида етиштирилган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин