2021 йилнинг ноябрь ойи охирида Ўзбекистон фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ходимлари учун энг йирик таълим лойиҳаси ишга туширилди. Республика бўйлаб ташкил этилган интенсив курслар дастури қуйидагиларни ўз ичига олади: ҳосилдорликни ошириш, зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларига қарши курашишнинг замонавий усуллари; тупроқ унумдорлиги ва унинг сифатини ошириш мавзулари; фермер хўжалигини бошқариш; экинларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш технологиялари; қишлоқ хўжалиги маркетинги; самарали сув тежовчи суғориш технологиялари; қишлоқ хўжалигида инновацион ечимлар; хорижий амалиётда қўлланадиган услуб ва ёндашувлар ҳамда бошқа мавзулар. Бу хусусда EastFruit экспертлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳаволасига таяниб хабар бермоқда.
Ушбу ўқув курслари Ўзбекистондаги фермерлар ва уларнинг ишчилари учун энг йирик маърифий лойиҳа бўлиб, унинг доирасида мева-сабзавотчилик, чорвачилик ва паррандачиликда фаолият юритаётган 80 мингга яқин фермер хўжалигини қамраб олиш режалаштирилган. Лойиҳага 100 дан ортиқ малакали мураббийлар жалб этилган. Ўқув курслари мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилади, улар 2021 йилнинг ноябридан 2022 йил охиригача давом этади.
Курс тингловчилари хорижий тажрибага эга бўлган мутахассисларнинг маҳорат дарсларида қатнашишлари мумкин. Ўқув курси натижаларига кўра, уларга сертификат берилади.
Ўқув курсларини ҳар томонлама қулай ва замонавий ташкил этиш мақсадида, кофе-брейк, тушлик, транспорт хизмати ҳамда олис ҳудудлардан келган тингловчилар учун меҳмонхона хизматлари ҳам ташкил этилган.
Шунингдек ўқинг: Фарғонада қулупнай етиштиришга ихтисослашган замонавий иссиқхона ишга туширилди
Мазкур ўқув курслари АТБ “Агробанк» ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида ташкил қилинган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент аграр университети, илмий-тадқиқот институтлари, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар лойиҳа ҳамкорларидир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!