Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳи2021 йилги мавсумда Украина голубикасининг нархи 2019 йилга нисбатан юқори бўлди
Бозорлар шарҳи Долзарб Махсус Янгиликлар

2021 йилги мавсумда Украина голубикасининг нархи 2019 йилга нисбатан юқори бўлди

EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, Украина голубикаси учун 2021 йилги нархлар рекорд даражада паст экани ҳақидаги кўплаб фикрлар ҳақиқатдан йироқ.

Эҳтимол, бозор иштирокчилари ва ишлаб чиқарувчиларнинг бундай фикрларига голубика етиштириш ҳажми кескин пасайган 2020 йилдаги аномал даражада юқори  нархлар билан ҳозиргисини солиштириш сабаб бўлгандир. Aммо, агар биз юқори сифатли голубиканинг улгуржи нархларини 2019 йилги мавсум билан таққосласак, 2019 йилда фермерларнинг вазияти ёмон бўлганини кўришимиз мумкин.

Бироқ, 2021 йилги мавсумнинг нархлар реаллиги далилларини ўрганишдан аввал бир нечта муҳим шартларни аниқлаш лозим. Биринчидан, EastFruit хом ашёни эмас, балки тайёр маҳсулот нархларини ҳисобга олади, яъни, сархил резавор бозори талабларига жавоб бера оладиган жиҳатлар – калибр, сархиллик даражаси, сифат, қадоқ ва партиянинг ҳажми эътиборга олинади. Ва биз олий навли голубика нархига эътибор қаратамиз, чунки, у экспортга мўлжалланган резавор бўлиб, глобал голубика савдоси барқарор ўсиб бормоқда. Албатта, резавор мавсуми 2021 йилда икки ҳафтага сурилганини ҳам ҳисобга олдик.

Қуйидаги графикда кўриб турганингиздек, 2019 йилда июль ойининг иккинчи ярмидан август ойининг иккинчи ярмига қадар Украинада премиум голубиканинг улгуржи нархи 2021 йилдагига нисбатан мунтазам равишда 30-50 грн/кг га паст бўлган. Бу даврда меванинг ўртача нархи 2021 йили 122 грн/кг (ҳар бир кг учун $4,6), 2019 йилда 107 грн/кг ($4,3 кг учун) бўлган. Шундай қилиб, голубика 2021 йилда гривнада ўртача 14% ва AҚШ долларига 7% қимматроқ сотилган.

Шунингдек, умумий мавсум бўйича ҳисоб-китобларимизга кўра, 2019 йилда ўртача нарх 133 грн/кг (тахминан $5,3) эди. 2021 йилда эса нарх 120 грн/кг га яқинроқ бўлади (ҳар кг учун тахминан $5,3, жорий курс бўйича). Шундай қилиб, украиналик голубика етиштирувчилар мевалари учун гривнада ўртача 5% кўпроқ даромад олади, AҚШ долларида ҳисоблаганда ҳам даромад тахминан шунчага кўпроқ бўлади.

Бироқ, бу барча боғбонлар учун вазият ижобий кечади, дегани эмас. Чунки, Украинада кўпчилик хом ашё ишлаб чиқаради ва улар бу хом ашёни якуний маҳсулотга айлантирувчи воситачиларга таянишга мажбур бўлади. Албатта, бу  иш бепул амалга ошмайди. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, экспорт ёки супермаркетлар учун катта ҳажмдаги партияларга эга бўлмаган фермерларга ҳаммадан ҳам қийин бўлди. Шунингдек, истеъмолчига тўғридан-тўғри етказиб бериш ёки ҳатто улгуржи бозорларда сотиш учун ўта катта ҳажмга эга бўлганлар учун ҳам осон кечмади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Украина голубикани рекорд ҳажмда экспорт қилган бўлса, 2020 йили экспорт ҳажми кескин камайди. 2021 йилда эса яна кескин ошди, гарчи, резаворлар нархи ҳамма жойда тушиб кетган бўлса-да. Масалан, бу йил қўшни Польшада боғбонлар  голубикани украин боғбонларидан ҳам арзонроқ сотишди. Шу билан бирга, 2019 йилга нисбатан Польшада ҳам голубика нархи бироз пасайган.

Нега Украинада юқори сифатли голубика нархи 2019 йилдагидан тушмади? Бу қисман украиналик деҳқонлар учун омборхоналар яхши таъминланиши билан боғлиқ ва табиийки, омборхоналар нарх тушиши даврида кўпроқ мевани сақлаб туриш имконини берди. Худди шу сабаб партияларни йиғиш ва кенгайтиришга ҳам имконият яратди. Ўз навбатида, бу резаворларни экспорт қилишда маълум афзалликларни юзага келтирди.

Яна бир сабаб – голубикани қайта ишлаш бошланганлигидир. Украинада илк бор голубика музлатилди. Aлбатта, музлатиш учун резаворнинг арзонроқ тоифалари ишлатилган. Ҳатто музлатиш учун голубика тахминан 60 грн/кг (кг учун $2,25) нархда сотилгани ҳақидаги хабарлар ҳам бор. Aгар арзон резаворнинг ушбу партияси сархил мевалар бозорига чиқса, ҳатто юқори сифатли резаворлар сегментида ҳам қулашнинг олдини олиш мумкин бўлмай қоларди. Дарвоқе, 2020 йилда Украина музлатилган голубикани Хитойга экспорт қилиш имконига эга бўлди. Шу сабабли, бу йил ҳам мазкур турдаги резаворнинг музлатилган илк партиялари Хитойга юборилишини кўришимиз эҳтимолдан ҳоли эмас.

Нархларни қўллаб-қувватлашда, шунингдек, 2018-2019 йилларда ФAО ва ЕТТБ лойиҳалари Яқин Шарқ, Европа Иттифоқи ва Жануби-Шарқий Осиёга ташкиллаштирган савдо миссиялари асносида украиналик ишлаб чиқарувчилар тўплаган экспорт алоқалари муҳим роль ўйнади.

Шубҳасиз, юқори сифатли голубика маҳсулот етказиб бериш билан боғлиқ таклифлар кескин ошган мавсумларда ҳам талабгир бўлади. Шу билан бирга, бизнесдаги муваффақият учун ишлаб чиқарувчи керакли ҳажмдаги юқори сифатли голубикани ритмик равишда жўнатиш ва асосий харидорларнинг талабларига монанд жавоб бериш қобилиятига эга бўлиши жуда муҳимдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Украинада сабзавотлар май ойи охиригача яна 25-30 фоиз қимматлаши мумкин

EastFruit

Ўзбекистонда супер-эртаги олма сотувга чиқди ва у импорт қилинган экзотик мевалардан ҳам қимматроқ

EastFruit

Ўзбекистондан ёнғоқ экспорти 2022 йилнинг биринчи чорагида қарийб уч баробар ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин