Резаворларни совутиш ва музлатиш – бу маҳсулотнинг савдо жараёнини узайтириш ёки экспортни режалаштирган фермерлар амалга ошириши керак бўлган юмушдир. Украинада резавор бизнеси тобора оммавийлашиб бормоқда. Малина, голубика ва бошқа экинлар майдонлари йилдан-йилга кенгаймоқда. Кўпинча, голубика етиштирувчилар совутиш ва сақлаш ускуналарига қизиқиш билдиряпти. Музлатиш ускуналари эса малина бизнеси билан шуғулланувчилар орасида кенг қўлланади», дейди саноат учун совутгич ускуналарини етказиб берувчи Аlternative Technologies PF лойиҳаси менежери Даниил Харченко.
«Баъзи фермерлар «статик совуқ» деб номланган ускунага, яна айримлар музлатиш туннелларига буюртма бермоқда. Ҳаммаси резавор тури, маҳсулот етиштириш ҳажми ва бошқа индивидуал омилларга боғлиқ”, дейди мутахассис EastFruit учун шарҳида.
Йирик ҳажмда маҳсулот етиштирувчиларга шок усулида музлатиш туннелларини буюртма қилиш мақсадга мувофиқдир. Шок усулида музлатиш учун энергия харажатлари анчайин юқори ва ускунанинг ўзи ҳам қиммат, шу боис, корхонада ушбу харажатлар ўзини оқлаши учун етарли миқдорда маҳсулот бўлиши керак. Музлатишнинг кунлик ҳажми камида 10 тоннагача бўлиши лозим. Умуман олганда, 100 тонналик маҳсулот етиштириш ҳажми учун резавор сақланадиган камералари бор тўлиқ қувватли мажмуани қуриш мақсадга мувофиқдир. Кичик корхоналар шок усулида совутиш ва музлатиш камераларидан фойдалангани маъқул. Бу резавор етиштирувчиларга тааллуқли.
Шунингдек ўқинг: Сабзавотларни сақлашнинг ўзига хос жиҳатлари: сабзавотлар омбори учун вентиляциянинг қандай турини танлаган маъқул
Музлатишга ихтисослашган компаниялар, шунингдек, йил давомида турли мавсумий маҳсулотларни сақлашда камералардан фойдаланиш орқали пул тежаши мумкин.
Универсал камералар ясаса ҳам бўлади, масалан, биз ТРИУМФ-ЛАЙФ фермаси учун (Винница вилояти, Украина) ясагандек. Бундай камералар корхона эҳтиёжларига қараб, уларни қўллаш доирасини совутилган маҳсулотларни сақлашдан музлатилган маҳсулотларни сақлашгача ўзгартиришга имкон беради. Бундай ускуна ҳар хил турдаги маҳсулотларга мос бўлиб, фермер хўжалигига фойдали майдонни ва шунга мос равишда объектни қуриш учун маблағ тежаш имконини беради. Қолаверса, бундай камералар корхонанинг янада мослашувчан бўлишини таъминлайди. Шундай қилиб, масалан, резаворлар ҳосилини йиғиш мавсуми бошида фермер хўжалиги тез сотилиши учун янги совутилган маҳсулотларни сақлашда бундай камералардан фойдаланиши мумкин ва мавсум охирида резаворларни музлатилган ҳолатда узоқ вақт сақлаш учун камера паст ҳарорат режимига ўтказилади. Шунингдек, мавсум тугагач ва маҳсулотлар сотиб бўлингач, камерани ижарага бериш ҳам мумкин», дейди Даниил Харченко.
Совутгич ускунасининг нархи ишлаб чиқариш ҳажмига қараб сезиларли даражада ўзгаради.
«Мижозимиз ўз корхонасининг келажакдаги совутиш таъминоти тизими нархи ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиши учун биз совутиш қувватининг бир киловати учун тахминий нархни белгилаймиз. Ҳар бир лойиҳа алоҳида ҳисоблаб чиқилади, лекин, биз амалга ошираётган лойиҳаларда мутахассисларимиз ўртача бир киловатт совуқ тахминан 1 минг еврога тенг эканини аниқлашди. Катта музлатиш ҳажми билан ускуна нархи 600 минг еврога етиши мумкин. Кичик фермер хўжаликлари учун статик совуқ кўпроқ мос келади. Бу ерда қувватлар камроқ. Одатда, 100 киловатт ёки 100 минг евро етарли (ёки ундан ҳам камроқ)», дея қайд этди мутахассис.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!