Люффа ўзи нима? Ташқи кўринишидан бодринг ёки қовоқчани эслатувчи қовоқдошлар оиласига мансуб бу сабзавот қандай ейилади? Люффа асосан табиий мочалкалар ва сочиқлар ишлаб чиқариш мақсадида етиштирилади. Пазандачиликда эса инсон организми учун фойдали ўзининг кўплаб хусусиятларига эга бўлишига қарамасдан у ҳали жудаям машҳур эмас. Ўсимликнинг ватани Шимоли-ғарбий Ҳиндистон бўлиб, бу ерларда люффа XIII асрларда пайдо бўлган. Аста-секин уни Европа ва Осиё мамлакатларида ҳам етиштира бошлашган.
Family Loofa (Украина, Херсон вилояти) оилавий фермаси асосчиси Владимир Жданов “Қайта ишланадиган экинларга доир муваффақиятлар” деб номланган вебинар давомида люффани етиштириш ва реализация қилишнинг учта асосий босқичлари, ушбу ўсимликнинг истиқболлари ва маркетинги тўғрисида гапириб берди.
Тадбир Украина мева-сабзавотчилик бизнесини ривожлантириш лойиҳаси томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда EastFruitнинг эксклюзив материалида ўқишингиз мумкин.
Владимир Ждановнинг қайд этишича, 2018 йилда у люффани узум қаторлари орасига эккан. Бундай “қўшничилик”нинг танланиши бежиз эмас эди – фермер ўша вақтларда люффа қандай ўстирилиши ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаса-да, унга тиргак зарур бўлишини биларди. Кейинчалик люффа новдалари чирмашиб кетиши учун ҳам айнан узум танланганди.
“Ўша вақтда экилган 50 тупдан тахминан 30 таси униб чиққанди. Улардан 20 таси мева тугди”, дейди Family Loofa оилавий фермаси асосчиси. Унинг айтишича, ҳозирда хўжалик 0,3 гектар майдонда ушбу сабзавотни етиштирмоқда.
Владимир Ждановнинг сўзларига кўра, люффа етиштиришнинг учта асосий босқичи бор: экинни ўстириш, йиғиб-териб олиш ва қадоқлаш, шунингдек, маркетинг ва реализация қилиш.
“Люффа етиштириш ҳақида гапирадиган бўлсак, уни бодринг ўстиришга қиёслаш мумкин. Украина, айниқса мамлакатнинг жанубий минтақалари иқлими люффа етиштириш учун жуда мос келади. Ушбу экинни ўстириш учун тиргак ёки тўр бўлиши шарт. Чунки у лианасимонлар турига киради ва етарли даражада чирмашиб олмаса, сифатли мева олиш қийин.
Селекциячи мутахассислар мазкур ўсимликни ерда ўстиришга аввал уриниб кўришган. Бироқ бундай усулда улар керакли миқдордаги ва сифатдаги ҳосилни олишга муваффақ бўлмаганлар. Гап шундаки, етилиш даврида люффа гўёки тортилади ва чўзинчоқ шаклга киради – айнан шунинг учун ҳам тиргаклар керак”, деб тушунтирди фермер етиштириш технологияларининг ўзига хос жиҳатларини.
Навларга келсак, Владимир Ждановнинг айтишича, ҳозирда 50 га яқин навлар мавжуд. Улардан Украина шароитларига энг кўп тўғри келадигани цилиндрсимон люффа ҳисобланади. У мазкур экиндан тайёрланадиган асосий маҳсулот – мочалка ва губкалар ишлаб чиқариш учун ҳам жуда мос.
Қайд этиш жоизки, люффанинг ўткир қиррали навлари ҳам бор. Улар бодринг сингари ишлатиладиган етилмаган ёш меваларини истеъмол қилиш, шунингдек, шўрвалар ва карри тайёрлаш учун етиштирилади.
Қиррали люффанинг барглари, новдаси, шоналари ва гуллари ҳам истеъмол қилинади. Дарвоқе, ушбу ўсимликнинг барглари каротинга бой: унинг таркибидаги каротин миқдори сабзи ёки қалампирдагидан кўра 1,5 баравар кўп. Баргларда темир миқдори 11 мг/100 г, витамин С — 95 мг/100 г, оқсил — 5 фоизгачани ташкил қилади.
Японияда люффа поясидан косметик маҳсулотлар, хусусан, ўта юқори сифатли лаб помадаси ишлаб чиқарилади.
Family Loofa асосчисининг айтишича, люффа новдасининг баландлиги 5 метргача етиши мумкин. “Бироқ биз хўжалигимизда унинг 2,5 метргача ўсишига йўл қўямиз. Шунда ўсимликка қараш, хусусан, уни боғлаб осиб қўйиш анча осонлашади. Бундан ташқари, ҳосил йиғим-терими ҳам ушбу ҳолатда анча енгиллашади.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига келсак, биз экиннинг табиий ўсиш жараёнига имкони борича аралашмасликка ҳаракат қиламиз. Шу боисдан ҳам кимёвий препаратлардан фойдаланмаймиз”, дейди Владимир Жданов.
Люффа ҳосилини йиғиб олиш мевалар тўлиқ етилгач бошланади. Буни фермер уларнинг жигарранг тусга кирганидан билиб олади. Люффа етилганлигининг яна бир муҳим белгиси меванинг вазнидир. У 200 гр га тенг бўлиб, етилиш давридагидан 10 баравар кичик бўлади. Аммо йиғим-терим жараёни тўлиғича қўлда бажарилади.
“Ҳосил йиғиб олингач, уни тозалаш керак. Бу жуда секин жараён. Тозалангач, люффа мочалкага айланиб қолади. Кейинги босқич – катталиги бўйича қадоқлаш. Биз люффани 30х40 ва 40х50 см ўлчамларида ажратиб олиб, кейин мочалка сифатида сотамиз. Бундан ташқари, биз махсус идиш ювиш губкаларини ҳам тайёрлаяпмиз. Мочалкалар – 98 грн, губкалар эса 25 грн дан сотилмоқда. Шунингдек, биз экин уруғларини 360 грн/300 дона нархида реализация қиляпмиз,- дейди FamilyLoofa асосчиси ушбу бизнеснинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлар экан.
Экиннинг уруғлари Украинанинг онлайн савдо майдончаларида ҳам кенг реализация қилинади. Уларнинг нархи ўсимлик нави ва уруғ материалини ишлаб чиқарувчига қараб, 5 таси 4 грн – 45 грн дан сотилади.
Люффа асосан жанубий ўлкаларида етиштириладиган Россия бозорида ҳам яхши сотилади. Айни пайтда люффанинг мочалка сифатида ишлатиладиган 30х40 см ўлчамли тозаланган табиий меваси 70 руб/дона дан сотилади. Кесилмаган люффадан қилинган, тутқичли мочалкалар 90 руб/донадан реализация қилинади. Россиянинг онлайн савдо майдончаларида уруғ материалларининг нархи эса 5 та уруғдан иборат бир қутиси 17 руб.ни ташкил қилади.
Ушбу экинни мамлакатнинг барча ҳудудларида етиштириш мумкин бўлган Ўзбекистонда люффадан тайёрланган губкалар донаси 1860 сўмдан сотилмоқда. Маҳаллий люффадан тайёрланган 20 см ўлчамдаги цилиндр мочалкалар нархи 8304 сўм.
Ўз маҳсулотини илгари суриш ҳақида сўзлар экан, FamilyLoofa дастлаб Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидан бошлаганини қайд этиб ўтди Владимир Жданов. “Люффанинг асосий харидори – табиий маҳсулотларга қизиқувчи кишилардир. Ижтимоий тармоқларда эса айнан шундай инсонлар жуда кўп. Кейинроқ эса биз FamilyLoofa.com деб номланган ўз сайтимизни яратдик. Бу ерда бугунги кунда биз ишлаб чиқарадиган барча маҳсулотлар ўрин олган”,- дея хулоса қилди Владимир Жданов.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!